Жаҳон | 23:00 / 29.01.2018
21914
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон соқол ва ҳижоб масалаларига оид Қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда

Қозоғистоннинг Дин ва фуқаролик жамияти ишлари вазири Нурлан Ермекбоев диний фаолият масалаларига тузатиш киритишга доир режалар билан бўлишди. Tengrinews шу ҳақида хабар берди. 

Манбага кўра, Мажлисда диний фаолият ва диний бирлашмалар масалалари тўғрисидаги баъзи ҳужжатларга ўзгариш ва қўшимчалар киритишга доир Қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. 

"Қонуности норматив актлар ишлаб чиқилади, ҳатто эскизлар ҳам тақдим этилади. Ҳар қандай кўринишдаги соқолга тақиқ қўйилмайди, эскизлар ва характерли белгилар тақдим этилади. Гап барча соқоллар ҳақида эмас, гап дин пешволари ҳақида ҳам эмас, гап фақат айнан бузғунчи диний оқимларни тарғиб қилувчилар ҳақида. Бу ерда ташқи белгилар билан бир қаторда уларнинг нималар ҳақида сўзлаётгани, нималарни тарғиб қилаётгани роль ўйнайди", - дейди Ермекбоев.

Вазирнинг ишонч билан таъкидлашича, мамлакатда аввалгидек дин эркинлиги сақланиб қолади.

"Мутахассислар бу белгилар бузғунчи диний оқим белгилари ҳисобланадими ёки йўқ - белгилаб беришади. Барчаси белгилаб қўйилади: соқол узунлиги ҳам, бошқа белгилар ҳам", - дея аниқлик киритади вазир. 

Янги қонунда юзни тўсиб турувчи кийимларни тақиқлаш ҳам таклиф қилинмоқда. 

"Ҳижоб ва ниқобни адаштириш керак эмас. Қонун лойиҳасига мувофиқ, ҳижоб бўйича ҳеч қандай гап йўқ. Рўмол бўйича ҳам худди шундай. Фақат юз соҳасини тўсиб турувчи либос ҳақида гап кетмоқда, - бу эса ниқоб, паранжи. Бунда нафақат диний кийимлар, балки тиббий ниқоб, балаклава ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин. Истиснолар бор - спорт мусобақалари, хизмат юзасидан зарурат туғилган тақдирда, қурувчиларнинг махсус кийимлари, иқлим ёки об-ҳаво сабаб ниқобланиш", - дея маълум қилди Ермекбоев.

Мавзуга оид