«Реал»ни кучайтириши мумкин бўлган 9 футболчи
Шу йилнинг ёзида Мадрид жамоаси жиддий ўзгариши мумкин. «Трибуна» келаётган ёзда «Қироллик клуби» кимларни харид қилиши мумкинлигига тўхталади.
Жамоага янги қон
«Қироллик клуби» «ошхонаси»ни барчадан яқинроқ билувчи Marca нашри «Реал» ёзги трансферлар учун 300 миллион евро тайёрлаб қўйгани ҳақида хабар тарқатди. Жамоанинг бу мавсумда қониқарсиз иштирок этаётганини кўриб турган президент Флорентино Перес таркибни жиддий кучайтиришга бел боғлаган. Зидан шогирдларининг ҳар бир ўйини жамоа таркиби кучайтиришга муҳтож эканини кўрсатиб бормоқда. Ўтган ҳафтанинг сешанба кунида мадридликлар Испания Кубогидан чиқиб кетгани бу заруратни яна кун тартибига чиқарди. «Реал» айни вақтда Испания чемпионатида тўртинчи бўлиш ва Чемпионлар лигасига йўлланма олиш учун «Вильярреал» ва «Севилья» билан рақобат қилмоқда. Турнир жадвали етакчиси «Барселона» билан орадаги фарқ 16 очкони ташкил этиб турибди. Жамоага янги қон кераклиги - фактга айланган.
Катта трансферларга пуллар қаердан?
«Қироллик клуби» тубсиз нефть қудуқларига эга эмас, эртакнамо қатарликлар бизнеси молияламайди, жамоа ғазнаси ақлли ва ишбилармон киши ҳаракатларига боғлиқ. Перес кейинги йилларда трансферлар бозорида тежамкорлик билан иш тутди ва янги «галактикос» учун миллионлар сарфламади. Бу жамоадаги икки йирик трансфер амалга оширилганига қарийб 10 йил бўлмоқда - Криштиану Роналду (94 миллион евро) ва Гарет Бэйл (101 миллион евро) бўлишганди.
«Реал»нинг охирги йирик инвестицияси 2014 йилнинг июлида 75 миллион евро эвазига «Монако»дан Хамес Родригеснинг харид қилиниши бўлганди.
Кейинги йиллардаги трансфер амалиётларидан кейин «Реал» 85 миллион евролик фойда билан чиқди. Бунга қаторасига икки мавсум Чемпионлар лигаси ғолиблиги ва америкаликлар компанияси билан янги ҳомийлик шартномаси (4 йилга 200 миллион евро). Ўтган молия йилини «Реал» 178 миллион евролик ижобий баланс билан ёпди. Лекин кўринибдики, бу жамоа пулни Форс кўрфази ҳавосидан ясамайди.
Ғазнадаги пулларни кимларга сарфлаш мумкин?
Мадрид клубининг асосий юлдузи Криштиану Роналду кўрсатаётган ўйинлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Перес «Реал»да кенг кўламли янгиланишлар қилади. У биринчи навбатда ҳужум чиғзиғини кучайтириши аниқ. Бундан ташқари, марказий ҳимояга ҳам янги ҳаво керак. Тахмин қилиб кўрамиз, ёзда «Реал» кимларни сотиб олиши мумкин.
1. Неймар («ПСЖ», бозор нархи - 180 миллион евро - )
Бразилиялик бу футболчининг Мадридга ўтиши ҳақидаги гаплар у Парижга кетишидан олдин ҳам бўлганди. У Франциядаги ҳаётидан мамнун эмаслиги ҳақида хабарлар тарқала бошлагач эса, уни яна «Реал»га олиб келишмоқда. «Барселона» футболчисини ўзиники қилиш Переснинг энг ширин орзуси. Бундан ташқари, ОАВда Париж клуби Роналдуни ўз таркибига қўшиб олмоқчи бўлаётгани ҳақида тарқалган хабарлар бу икки клуб икки футболчисини алмаштириши имкониятини оширди. Ҳозирча, «ПСЖ» бу бўйича хабарларни рад этмоқда. Шу билан бирга парижликлар Неймарни 300 миллион еврога бажонидил қўйиб юбориши мумкинлиги айтилмоқда.
2. Ҳарри Кейн («Тоттенҳэм», 120 миллион евро)
Англия футболининг 2018 йилги жаҳон чемпионатидаги асосий умиди бўлмиш Кейн 2017 йилда Англия терма жамоасининг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. У бир неча йилдан буён ёрқин ва барқарор ўйин намойиш этмоқда. «Реал»га у каби марказий ҳужумчи жуда зарур, у Карим Бенземани алмаштириши мумкин бўлади. Франциялик футболчи жорий мавсумда охирги имконият берилганди ва у ишончни оқлай олмади. Фанатлар ҳар ўйинда унинг кетишини талаб қилишмоқда.
Бироз аввалроқ Мадрид клуби «Тоттенҳэм»га ушбу футболчи учун 226 миллион евро таклиф қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Лондон-Мадрид йўналишида бунгача Модрич ва Бэйл ҳам ҳаракатланган. Кейн бу борада учинчи бўлиши ҳам мумкин. Шу вақтда «Тоттенҳэм» устози Маурисио Почеттино «Реал»да Зинедин Зиданнинг ўрнига келиши мумкинлиги ҳақида тарқалган хабарлар инобатга олинса, Кейннинг трансфери ҳақиқатга янада яқинроқ бўлади.
3. Эден Азар («Челси», 100 миллион евро)
Футболчининг отаси Тьерри Азар унинг ўғли лондонликлар клуби билан шартномани узайтиришни истамагани ҳақида айтганида, у «Реал»га ўтишни кўзлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Эден эса бундай хабарлар тарқалишига кескин муносабатда бўлди: «Менинг отам баъзида аҳмоқона гапларни гапиради. Мен бор эътиборимни «Челси» ўйинларига қаратганман. Шартномам якунига қадар яна 2 йил бор, ташвишланишга ҳожат йўқ». Аммо у ҳамон клуб билан шартномасини узайтирмай келмоқда.
Бельгиялик футболчи 5 йилдан буён Лондон клубида. У янги чақириқларни қабул қилиши керак. Зидан унинг ўйинига мухлис экани ҳақида айтишмоқда, у президент маслаҳатчиси бўлган вақтларида икки марта, 2011 ва 2012 йилларда Пересга Азарни сотиб олишни маслаҳат берган. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, Азар Мадридга келиши Зидан Мадриддан кетишига тўғри келиши мумкин.
4. Роберт Левандовски («Бавария», 80 миллион евро)
Польша терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар (51 гол). У охирги икки мавсумда камида 50тадан гол урган - агар «Тоттенҳэм» Кейнни сотишни истамаса, энг муқобил вариант айнан Роберт Левандовскидир. «Бавария» ушбу ҳужумчини олиб қолиш учун тиш-тирноғи билан ёпишмайди, ушбу футболчи ўтган йилда бир неча марта клуб раҳбариятини матбуотда танқид қилди. Унинг чиқишлари клуб бошқаруви раиси Карл-Ҳайнц Румменигге томонидан ёмон кутиб олинди. Агар Перес яхши нарх таклиф қилса, польшалик футболчи чамадонини кўтариб Мадридга йўл олиши мумкин.
5. Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль», 80 миллион евро)
«Реал»нинг ушбу футболчига қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар Миср терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купернинг баёнотидан бошланди. Ўшанда мураббий ва Миср футбол ассоциацияси президенти Або Рида Мадрид клубидан қизиқиш борлигини тасдиқлашганди. Бунинг ҳайрон қолдирадиган жойи йўқ, футболчи «Ливерпуль»даги дебют мавсумини аъло даражада ўтказмоқда, у терма жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқди. У жорий мавсумда барча турнирлар доирасидаги ўйинларда 27 гол уриб улгурди. Бу Бензема, Бэйл ва Марко Асенсио биргаликда урган голлар сонидан кўп.
«Ливерпуль» бой клуб бўлсада, ўз юлдузларини сақлаб қолиши билан мақтана олмайди. Жамоанинг кўп йиллик етакчиси Коутиньонинг Испанияга йўл олганини ҳисобга олсак, мисрлик футболчини таркибга қўшиб олиш бошқа бир испан грандига кўп қийинчилик туғдирмаслиги мумкин. Бундан ташқари, Асенсио «Энфилд»га берилиши ҳақидаги хабарлар фонида ушбу трансфер амалга ошиши ҳақиқатга яқинлашади.
6. Мауро Икарди («Интер», 75 миллион евро)
Аргентиналик ушбу ҳужумчи ҳам Мадриднинг шорт-листида. Ўтган йилнинг ноябрида пойтахтликлар клуби ҳужум чизиғида муаммоларни ҳис қила бошлаганида Marca нашри сайтида ўтказилган сўровномада мадридликлар клуби мухлисларининг энг кўп қисми Мауро Икарди трансферини маъқул кўриши маълум бўлганди.
Икардининг устун жиҳатлари кўп: у самарали футболчи, у ёш футболчи, у Чемпионлар Лигасида бемалол ўйнай олади. Агар уни мадридликлар клуби қишки трансферлар якунига қадар сотиб олмаса, ёзда сотиб олишга ҳаракат қилиши аниқ. Унинг шартномасида бадал пули сифатида 110 миллион евро кўрсатилган.
7. Давид де Хеа («Манчестер Юнайтед», 50 миллион евро).
Испаниялик бу дарвозабон «Реал»да уч йил муқаддам пайдо бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо ўша афсонавий факс туфайли барчаси барбод бўлди - ўшанда «МЮ» ушбу дарвозабон учун 25 миллион евро ва Кейлор Навасни олишга рози бўлган, Навас аэропортга чиқиб, Англияга йўл олганди. Аммо томонлар факс ишламай қолгани туфайли ҳужжатларни юборишда кечикишди ва трансфер амалга ошмади, Навас Мадридга қайтди.
Бу воқеадан ҳеч ким афсусланмади ҳам - Навас «Қироллик клуби» дарвозасининг ишончли қўрғонига айланди, де Хеа Манчестерда қолиб, нафақат жамоанинг энг ишончли футболчисига, балки Премьер лиганинг энг кучли дарвозабонига айланди. У шунингдек, Испания терма жамоасида асосий дарвозабон. Энди инглизлар бу футболчи учун 100 миллион евро сўрашлари ҳам мумкин.
8. Кепа Аррисабалага («Атлетик», 20 миллион евро)
Пересга де Хеанинг нархи қимматлик қилаётган бўлса, у «Атлетик» дарвозабони Кепа Аррисабала вариантига юзланиши мумкин. Журналистлар Кепани мавсум бошидан буён «Реал»га ўтказиш билан шуғулланишди, аммо мадридликлар сусткашлик қилиши оқибатида у басклар жамоаси билан 2025 йилгача давом этувчи янги шартнома тузди. У «Реал»га келишга яқин эди, аммо Зидан ушбу ёш дарвозабоннинг жамоасига келишига қарши бўлди, буни ушбу футболчи жамоада мураббийнинг ўғли Лука Зиданга рақобатчи бўлиши мумкин бўлгани билан изоҳлашди. Агар Мадридда ёзда мураббий алмашса, Кепа вариантига яна қайтилиши эҳтимолдан узоқ эмас.
9. Альваро Одриосола («Реал Сосьедад», 20 миллион евро)
Перес янги футболчилар қидириб нафақат хориж чемпионатларини, балки ички чемпионатни ҳам кузатади. Ички бозорда «Реал» сафида ўйнаб кета олиш салоҳиятига эга бир ёш футболчи бор - Сан-Себастьян жамоасининг 22 ёшли қанот ҳимоячиси - Альваро Одриосола. Ўтган йили бу ёш футболчини Хулен Лопетеги Испания терма жамоасига киритди. Унинг шартномасидаги бадал пули миқдори - 40 миллион евро. Ёш Ашраф Ҳакимий ҳозирча «Реал»да Дани Карвахалнинг ўрнини боса олмаяпти, унинг соғлигида ҳам тез-тез муаммолар пайдо бўлиб туради. Баск футболчиси айнан ўнг қанотда ҳаракатланади.
«Реал»га алалоқибат ким келишидан қатъи назар бир нарса аниқ - Перес жамоада қайта қуриш ишларини албатта амалга оширади. Мавсум якунига қадар ҳали бор, мадридликлар Чемпионлар лигасида муваффақиятли иштирок этиши ва ички чемпионатдаги омадсизликни бироз оқлаши мумкин, аммо «Сантьяго Бернабеу»да «Барселона»га 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишни президент кечирмайди. Мадрид камида 300 миллионлик трансферларни амалга оширади. Камида.
Мавзуга оид
10:01 / 10.11.2024
Винида яна ҳет-трик, лекин Мадридда даҳшатли муаммолар
00:08 / 07.11.2024
«Реал» ўз йўлига тушиб олиши учун ҳал қилиниши керак бўлган 6 масала
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:52 / 27.10.2024