Ўзбекистон | 08:56 / 29.01.2018
26516
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган қирғизистонлик оёғидан яраланди

Фото: Иллюстратив foto

Ўзбекистон чегара наряди 27 январь куни Қирғизистон фуқаросига нисбатан қурол қўллади. Бу ҳақда қирғиз ОАВ Давлат чегара хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Жалолобод вилоятининг Ола-Бўка тумани Ажак қишлоғида яшовчи А.У. майда шохли молни давлат чегараси яқинида ўтлатиш вақтида Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетган.

Ўзбекистон чегара хизмати вакилининг хабар беришига кўра, қирғизистонлик ўзбек чегарачилари наряди томонидан аниқланган ва қўлга олиш чоғида Ўзбекистон ҳудудидан Қирғизистон томонга қочишга уринган.

Ўзбек томонининг таъкидлашича, Ўзбекистон чегарачилари қурол қўллашга мажбур бўлишган, сабаби қонунбузар огоҳлантирувлар ва талабларга эътибор бермаган, кечки пайт бўлгани сабаби чегара отряди у оддий фуқаро эканини аниқлай олмаган. Натижада Қирғизистон фуқароси чап оёғидан яраланган.

Қирғизистонлик қўлга олинганидан сўнг Наманган вилоятнинг Чуст тумани шифохонасига етказилган. Айни дамда унинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда. 

Қирғизистон чегара хизмати вакиллари Ўзбекистон вакиллари билан бу борада дарҳол музокаралар ўтказишган. Музокаралар якуни бўйича Қирғизистон фуқаросини суриштирув ишлари якунланган ва у соғайиб кетгач қирғиз томонига топшириш ҳақида қарор қабул қилинган. 

Мавзуга оид