18:00 / 30.01.2018
23354

10 ёшли бола чўкиб кетганидан сўнг. Тошкент ҳокими сув устидан ўтган қувурларни панжара билан тўсиш ҳақида кўрсатма берди

Фото: ФВВ

Тошкент шаҳридан бир қатор каналлар ва ариқлар оқиб ўтган. Ариқ ва каналлар устидан коммунал хизматларнинг қувурлари ўтказилган бўлиб, улардан айрим фуқаролар кўприк сифатида фойдаланишади. Ушбу эҳтиётсизлик оқибатида бахтсиз ҳодисалар юзага келмоқда, дея хабар қилган ФВВ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Бундай бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг кўрсатмаси асосида Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда барча коммунал хизмат вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди. Бугунги кунда сув устидан ўтган қувурларнинг икки томонини панжаралар билан тўсиш, уларнинг устидан ўтишни тақиқловчи белгиларни қўйиш ишлари бошлаб юборилган.

Маҳаллангиздаги каналлар ва ариқлар устидаги коммунал қувурлар панжаралар билан тўсилмаган бўлса, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (+99871)147-10-50 тезкор рақами ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайти орқали маълумот беришингиз мумкин.

Маълумот учун, Тошкентда 24 январь куни ўз синфдошини қутқаришга ҳаракат қилиб чўкиб кетган 10 ёшли Абдулла Рўзибоев дафн этилди. Фожиа 21 январь куни Олмазор туманининг Қора-Қамиш 2/5 мавзеси ҳудудидан оқиб ўтувчи сув каналида юз берган. Абдулланинг жонсиз танаси у чўкиб кетган жойдан 1 километрлик масофада топилди. Олмазор туманининг Қора-Қамиш 2/5 мавзесида яшовчи фуқароларнинг сўзларига кўра, кўп қаватли уйлар ёнидан оқиб ўтувчи канал темир тўсиқлар билан ўралмаган ва маҳаллий аҳоли учун хавфли ҳудуд саналади.

Top