Зангиота ва Қўқонда ёнғин, икки инсон ҳалок бўлди
29 январь соат 03:12 ларда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида Ҳамжиҳат кўчаси 12-уйда яшовчи, 1965 йилда туғилган Т. Ш.нинг уйида ёнғин содир бўлиб, ёнғин қўшниси, 14-уйда яшовчи, Н.М.нинг уйига ҳам ўтган. Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.
Ёнғин оқибатида Т.Ш.нинг уй шифти ва том қисми, ҳамда қўшниси Н.М.нинг уйи том қисми ҳам ёниб зарар кўрган. Ёнғин ўчириш вақтида Т.Ш.нинг бирга яшаган акаси, 1947 йилда туғилган Ж.Ш.нинг куйган ҳолдаги жасади топилган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 29 январь соат 22:06 да Бандиэшон кўчаси 177-уйда яшовчи, нафақахўр, 1955 йилда туғилган А.Ш.нинг уйида ёнғин содир бўлган. Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган.
Ёнғин оқибатида А.Ш. уйининг ички қисми ёниб зарар кўрган хамда ёнғин ўчириш вақтида А.Ш.нинг бирга яшаган ўғли, 1984 йилда туғилган З.Ш.нинг куйган ҳолдаги жасади топилган.