Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 февраль куни экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелдаги фармонига мувофиқ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қайта ташкил этилиб, унинг зиммасига экологик ҳолатни яхшилаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш борасида улкан вазифалар қўйилди.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тубдан яхшилаш юзасидан комплекс дастур қабул қилиниб, молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб берилди.
Тизимда 13 та “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва уларнинг 174 та туман (шаҳар) филиали ташкил этилди. Ушбу унитар корхоналар балансига 1 минг 300 та махсус техника, 1 мингта чиқинди тўплаш майдончаси, 5 минг 800 та контейнер ва 172 та полигон ўтказилди.
Ўтган йили қўшимча 305 та чиқинди тўплаш майдончаси қурилиб, 2 мингдан зиёд контейнер билан жиҳозланди. Республика бўйича жами 295 та полигон тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг кадастри тузилди, 97 та чиқинди полигони тартибга келтирилди. Қўмита қошида маиший чиқиндилар билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.
Бироқ, бу соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ва қилинадиган ишлар жуда кўп. Масалан, юртимизда 53 фоиз аҳолига санитар-тозалаш хизмати кўрсатилади, холос. Шундан атиги 15 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Деярли барча қишлоқларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва ташиш умуман йўлга қўйилмаган.
Йиғилишда шу каби камчилик ва муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, тизим олдидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига тегишли вазирликлар билан биргаликда шаҳарларда чиқинди йиғиш шохобчаларини тартибга солиш, қишлоқ аҳоли пунктларида санитар-тозалаш хизматларини ривожлантириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ушбу дастурда кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, чиқинди йиғиш майдончаларини намунавий лойиҳалар асосида оптимал ташкил этиш, чиқинди ташиш махсус техникалари харидини кўпайтириб, қишлоқ аҳолисини санитар-тозалаш хизматлари билан босқичма-босқич қамраб олиш, давлат-хусусий шериклик принципи асосида “Тоза ҳудуд” унитар корхоналари буюртмасига кўра соҳада тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари назарда тутилади.
Мавзуга оид
19:42 / 23.06.2025
Фурқат туманида маҳалла раиси ҳокимликдаги йиғилишдан чиқиб вафот этди
08:30 / 14.12.2023
«Марказий Осиё + Кўрфаз араб давлатлари» вазирлар йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади
09:02 / 04.11.2022
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни топширди
15:46 / 09.02.2022