Ўзбекистон | 22:08 / 02.02.2018
16061
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 9 та шаҳрида чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш кластерлари ишга туширилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 февраль куни экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Қолган масалалар қаторида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз борар экан, Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Германия, Бельгия, Япония, Голландия, Швеция каби мамлакатларда 60-65 фоиз маиший чиқинди қайта ишланади, 20-25 фоизидан энергия олинади, қолган қисми ёқилади. Яъни чиқиндини полигонларда кўмишга ҳам эҳтиёж йўқ, деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг натижасида ер ресурслари тежалади, иқтисодий самарага эришилади ва атроф-муҳитга салбий таъсир камаяди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилда мамлакатимизнинг 9 та шаҳрида чиқиндини йиғиш ва қайта ишлаш кластерларини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди. Бу борада Сурхондарёда ташкил этилган кластер фаолияти намуна қилиб кўрсатилди.

Шунингдек, Фарғона водийси, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида амалга ошириладиган чиқиндини қайта ишлаш лойиҳалари бўйича инвесторлар билан битимлар имзолаш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ва молиялаштириш юзасидан “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ишларини тизимли ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Пластик, полиэтилен ва бошқа қадоқлаш материалларини тўплаш, утилизация қилиш ёки қайта ишлашга топширишда иштирок этаётган юридик ва жисмоний шахсларни рағбатлантириш механизмини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид