Жамият | 22:20 / 04.02.2018
15544
2 дақиқада ўқилади

Андижонда мақом кечаси аншлаг билан ўтди

Фото: KUN.UZ

Рости, миллий санъатимиз гултожи саналган мақом қўшиқларидан тузилган концерт дастурига бу даражада кўп тамошабин келади, деб ўйламаган эдим. Адашган эканман,  Бобур номли вилоят мусиқали драма театри зали, тадбир бошланмасдан ярим соат аввал  жонли ижро ихлосмандлари билан тўлганди.

Андижон санъат коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан тайёрланган “Анъаналар этади давом” мақом кечасида энг сара мақом ва мумтоз қўшиқлар жонли ижрода айтилди. Хонанда ва созандалар ижросидаги Бузрук мақомидан “Талқинчаи мўғулчаи бузрук”, Бобур ғазали билан Наво мақомидан “Соқийномаи мустаҳзоди наво” асарлари тамошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Санъат коллежи жамоасининг энг катта ютуғи нафақат созанда ва хонандаларнинг юксак маҳорати, балки танланган дастурнинг мукаммаллигида эди, десам адашмаган бўламан.               

“Айни вақтда миллий ўзликни англаш, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши миллий мақом санъатимизнинг юксалишига катта имкониятлар яратиб бераётир”, - деди Андижон санъат коллежи директори, Ўрмонбек Нурматов.

Дастурни тинглаб, барча маънавий озуқа олди. Санъат янгиликларидан ҳам хабардор бўлди.

Ҳа, айтгандай, 10 февраль куни мусиқа шинавандалари учун Андижонда яна бир байрам бор.  Ўша куни, таниқли венгер пиониночиси Рети Балаж ўз дастури билан меҳмонга келади.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид