Жаҳон | 22:47 / 04.02.2018
6894
2 дақиқада ўқилади

Энг бадавлат кишилар АҚШ соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга киришишди

Фото: Alex Wong / Getty Images

Жефф Безоснинг Amazon, Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway ва Жейми Даймоннинг JPMorgan Chase компанияси — умумий ҳисобда миллиондан зиёд киши фаолият юритувчи ва капитализацияси 1,5 триллион доллардан ошувчи уч корпорация — соғлиқни сақлаш соҳасида нотижорат ташкилот фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида маълум қилди. Ташкилотнинг вазифаси компаниялар ходимлари учун тўхтовсиз ошиб бораётган тиббиёт харажатларини қисқартиришдан иборат бўлади. Ушбу ҳамкорлик технологиялар, суғурта ва молия соҳасидаги энг қудратли ўйинчиларни бирлаштиради. Forbes шу ҳақида маълум қилди.

"Тиббиётга сарфланаётган ҳаддан ортиқ харажатлар Америка иқтисодиётига путур етказмоқда", - деди Уоррен Баффет. Саноатдаги инқилобларнинг моҳир устаси  ҳисобланган Безос қўшимча қилди: "Қандай қийин бўлмасин, соғлиқни сақлашнинг иқтисодиётдаги юкини енгиллаштириш ва ходимлар ҳамда уларнинг оилалари фаровонлигини оширишга ҳаракат қилиш керак".

Даймоннинг сўзларига кўра, ҳозирда корхонанинг мақсадли аудиторияси Amazon, Berkshire ва JPMorgan компаниялари ходимларидан иборат бўлса-да, келгусида улар бутун мамлакатни қамраб олишга умид билдиришмоқда.

Мустақил нотижорат ташкилот Баффетнинг инвестициялар бўйича менежерларидан бири Тодд Комбс, JPMorgan'нинг бошқарувчи директори Марвелл Салливан ва Amazon'нинг катта вице-президенти Бет Галетти томонидан бошқарилади.

Ҳамкорлик қудрати соғлиқни сақлаш соҳасидаги инвесторларни чўчитиш учун етарли бўлди. Соҳадаги қатор компаниялар (Express Scripts, CVS, UnitedHealth, Aetna, Humana ва Walgreens)нинг акциялари нархи пасая бошлади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид