Фан-техника | 22:30 / 06.02.2018
10385
2 дақиқада ўқилади

АҚШ компанияси ҳукуматнинг босими сабабли Huawei смартфонларини сотишдан бош тортди 

Фото: Блог Comfy

АҚШнинг Verizon Communications телекоммуникация компанияси Хитойнинг Huawei компанияси смартфонларини сотишдан бош тортди. Бу ҳақда ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.    

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Verizon бундай қарорни Huawei’ни Хитой махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишда гумон қилувчи АҚШ ҳукумати босими остида қабул қилган. Америкалик амалдорлар фикрича, бу компания смартфонларида фойдаланувчилар ортидан кузатув олиб борувчи дастурлар ўрнатилади.  

Аввал худди шу сабабга кўра АҚШнинг яна битта компанияси AT&T Хитой компанияси маҳсулотларидан фойдаланишдан бош тортган. Bloomberg’нинг таъкидлашича, Huawei билан ҳамкорликнинг тўхтатилиши 5-авлоддаги мобил тармоқларнинг фойдаланишга киритилиши борасида Verizon ва AT&T режаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки Хитой компанияси бу технологияни қўллаб-қувватловчи смартфонларни биринчилардан сотувга чиқармоқчи. 

Ўз навбатида Huawei’да унга қўйилаётган айбловлар рад этилди ва уларнинг смартфонларида махсус хизматларга маълумот узатувчи махфий дастур ўрнатилмагани таъкидланди. Ушбу вазиятга Хитой ташқи ишлар вазирлиги ҳам изоҳ берган. Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Лу Каннинг айтишича, Хитой ҳукумати Хитой компанияларига бошқа давлатлар қонунчилигини бузишга, улар хавфсизлигига зиён етказишга ижозат бермайди. 

Huawei ахборот ва коммуникация технологияларини етказиб берувчи дунёдаги етакчи компаниялардан ҳисобланади. Компаниянинг 100 дан кўпроқ давлатда ходимлари бўлиб, улар сони 170 минг кишига етади. Мутахассисларнинг баҳолашича, компания дунёнинг учдан бир қисмига ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим қилади.    

 

Мавзуга оид