Ўзбекистон | 09:28 / 11.12.2025
1253
1 дақиқада ўқилади

ИИВ ва Huawei оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлашда юқори технологияларни қўллашга келишиб олди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Huawei компанияси оммавий ҳамда спорт тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва киберхавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорликни кучайтиради.

Фото: ИИВ

Жорий йилнинг 10 декабр куни Ўзбекистон ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Тан Сяосян билан амалий учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда томонлар қатор муҳим масалалар, жумладан, мамлакатда ахборот-коммуникация технологиялари ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

Хусусан, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида интеллектуал видеоназорат тизимларини жорий этиш, оммавий ва спорт тадбирларининг хавфсизлигини таъминлашда юқори технологияларни қўллаш, киберхавфсизлик масалаларида замонавий ечимлардан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, таълим соҳасида инновацион технологияларни самарали қўллай оладиган малакали мутахассисларни тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Учрашувда томонлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ечимларни жорий қилиш ва хавфсизлик соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, шунингдек кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни кучайтириш бўйича истиқболли вазифаларни келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид