08:48 / 08.02.2018
15807

Сўнгги чоракда Марказий банкнинг кредит ресурсларини тақдим этиш ҳажми 4 баробар камайган

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Марказий Банк расмий сайтида Пул-кредит сиёсати соҳасида 2017 йилнинг IV чорагида амалга оширилган ишлар якунлари эълон қилинди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2017 йилнинг IV чорагида пул-кредит сиёсати инструментлари ва чораларини қўллашда асосий эътибор инфляцияни жиловлашга қаратилди.

Қайта молиялаш ставкасининг 14 фоиз даражасида сақлаб қолиниши ва тижорат банклари томонидан кредит портфелларини шакллантиришда иқтисодий мезонларга тўлиқ риоя қилинишига қаратилган алоҳида эътибор натижасида иқтисодиётга ажратилаётган кредитлар ҳажми ва пул массасининг кескин ошиб кетиши олди олинди.

Бунда, Марказий банк томонидан амалдаги қайта молиялаш ставкасида тижорат банкларига ликвидликни бериш операцияларини давом эттирилиши банклараро пул бозори ҳамда банкларнинг депозит ва кредитлари бўйича фоиз ставкаларининг кўтарилишига таъсир кўрсатди.

Қайд этиш лозимки, 2017 йилнинг IV чорагида банк тизимидаги ликвидлик ҳажмининг ошиши фоиз ставкаларининг пасайишига олиб келмади. Бунда, кузатилган ликвидлик ошишининг асосий қисми алоҳида йирик банклар ҳиссасига тўғри келди. Мазкур банклар томонидан ликвидликнинг оширилиши уларнинг ўз мижозлари олдидаги қисқа муддатли мажбуриятларини бажариш мақсадида амалга оширилди ва ушбу молиявий ресурслар банклараро пул бозорида қўшимча таклифни ҳосил қилмади.

Хусусан, 2017 йилнинг октябрь-декабрь ойларида банклараро пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкасининг 11,8 фоиздан 13,1 фоизгача ошиши кузатилди.

Фото: cbu.uz

Шу билан бирга, мажбурий резервлар ҳисобварақларидаги маблағларни тасарруф этишдаги мосланувчанлик миллий валютадаги ликвидликдан фойдаланиш ҳамда банк тизимидаги ликвидликнинг даражасини мақбуллаштириш имкониятини яратди. Бу ҳол, ўз навбатида, Марказий банкнинг кредит ресурсларини тақдим этиш амалиётлари ҳажмида ҳам ўз аксини топди.

Хусусан, 2017 йилнинг III чорагида тижорат банкларига берилган кредитлар ҳажми 1,4 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, IV чоракда 337 млрд. сўмга тенг бўлди.

Фото: cbu.uz

Айни вақтда, тижорат банкларининг мажбурий резервлари таркибида хорижий валюта улушининг юқорилиги банк тизимида миллий валютадаги ликвидликнинг таркибий профицити юзага келганда мазкур инструментдан фойдаланиш имкониятининг мавжудлигини кўрсатади.

2017 йилнинг октябрь-декабрь ойларида банк кредитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларининг (имтиёзли кредитларни ҳисобга олмаганда) 16,8 фоиздан 18,5 фоизгача ошиши кузатилди.

Шунингдек, мазкур даврда депозитлар бўйича фоиз ставкалар динамикасида ҳам ўсиш кузатилди. Хусусан, 2017 йилнинг сентябрь ойида юридик ва жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 14,9 фоиздан декабрь ойида 15,3 фоизгача ошди.

Top