Жаҳон | 01:50 / 09.02.2018
17502
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Ўзбекистондан товар олиб киришнинг чекланган меъёрини оширишни сўрамоқда

Фото: Sputnik Кыргызстан

Қирғизистон Ўзбекистондан жисмоний шахсларга нисбатан жорий этилган, божхона тўловларисиз шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган товар олиб киришнинг чекланган меъёрини 1 минг АҚШ долларигача оширишни сўрамоқда. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев билан учрашувида баён қилган, деб ёзади 24.kg.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра:

  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 2000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Айни пайтда бир қатор қирғиз маҳсулотлари (масалан, минерал сув, қандолат маҳсулотлари)дан акциз олиниши давом этмоқда. Унинг ставкалари ҳам юқори — қийматининг 20 фоизидан 50 фоизигача ва бу Қирғизистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорларида рақобатбардошлигини пасайтиради.

2017 йилнинг 6 октябрида «Келечек» ЁАЖ ва «Хонобод савдо ҳамкори» МЧЖ ўртасида «Жалолбод 27» шифобахш минерал сувини етказиб бериш бўйича 3 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланган эди. Бироқ Ўзбекистондаги акциз солиғи билан боғлиқ масалалар ҳал бўлмагани сабабли бу иш ҳанузгача амалга ошгани йўқ. Қирғиз иқтисодиёт вазири ўзбекистонлик ҳамкасбидан муаммони ҳал қилишда кўмак сўради.

Бундан ташқари, Артём Новиков «Автомаш радиатор» МЧЖ ва «Ўзметкомбинат» АЖ ўртасида жез лента ва мис фольга етказиб бериш бўйича «Айил банк» ОАЖнинг кафолатлари остида шартнома тузишда кўмак кўрсатишни сўради.

Икки корхона ўртасида 2018 йилда 1,2 минг тонна (6 млн долларлик) мис-жез прокати етказиб бўйича янги шартнома имзоланиши кутилмоқда.

«Ўзметкомбинат» АЖ олдиндан тўлов асосида шартнома имзолашни таклиф қилмоқда. Бироқ «Автомаш-радиатор» учун етказиб бериш ҳажми ортиши муносабати билан бундай схема молиявий жиҳатдан оғир. Қирғизистон заводи шартномани «Айил банк» кафолатлари остида тўловни (90-180 кунга) ортга суришни таклиф қилмоқда.

«Чуйуралтранссервис» МЧЖ барий концентратини Ўзбекистонга етказиб беришни қайта тиклашдан манфаатдор. Бундан ташқари, қирғиз корхоналари Қирғизистонда айни пайтда фаолият кўрсатаётган қўшма ишлаб чиқариш, туриб қолган ва сотувга қўйилган корхоналар асосида савдо-логистика яратиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этишди.

Мавзуга оид