Ҳозирга кунда Ўзбекистон олдида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишдек муҳим вазифа турибди. Айни пайтда мамлакат бу борадаги музокараларни фаоллаштиришга киришиш босқичида.

Шу муносабат билан Biznes-daily мустақил эксперт, ЖСТ масалалари бўйича ҳуқуқшунос Умида Ҳақназарга бир неча савол билан мурожаат этди.

- Аввало, Жаҳон савдо ташкилотининг асосий вазифаси, мақсади, унинг фаолият тамойиллари ҳақида тўхталсангиз.

- Жаҳон савдо ташкилоти мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо мулоқотларини ўтказиш ва бу борадаги низоларни ҳал этиш имкониятини берувчи  глобал майдон ҳисобланади. Бугунги кунда дунёнинг 164 та давлати унга аъзо. БМТ мамлакатлар ўртасидаги сиёсий муносабатларни, Жаҳон савдо ташкилоти эса улар ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солади.  Шу билан бирга, ЖСТда БМТ ва бошқа халқаро институтлардан фарқли  ўлароқ, аъзо мамлакатлар томонидан мажбурий равишда риоя этиладиган халқаро савдо қоида ва тамойилларидан ташқари, савдо тартибларини самарали қўллаш ва ўзаро низоларни ҳал этиш механизми мавжуд. Ташкилотнинг асосий халқаро савдо тамойиллари ҳақ-ҳуқуқлар чекланмаган ва ҳалол рақобат қоидаларидан иборат. Агар адолатли рақобат қои­даси бузилса, савдода ҳам хатоликлар бўлади. Барча аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган қоида ва тамойиллар эса савдодаги эҳтимолликларни кафолатловчи омил бўлиб хизмат қилади ҳамда қулай инвестиция ва соғлом рақобат муҳитини яратади. Ташкилотга аъзо бўлгач, кўпгина ривожланаётган ва кам ривожланган мамлакатларда тараққий топган давлатлар билан тенг ҳуқуқда савдо музокараларида иштирок этиш ва муаммолар юзасидан мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлган. Албатта, бу жараён мазкур мамлакатларда иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга ёрдам берган. Умуман, ЖСТнинг асосий вазифалари манфаатдор аъзо давлатлар ўртасида кўптомонлама савдо музокараларини ўтказиш, савдодаги низоларни бартараф этиш, аъзо мамлакатлар миллий савдо сиёсатини мониторинг қилиш, бошқа ихтисослашган халқаро муассасалар билан ҳамкорлик олиб боришдан иборат.

- Яқинда ЖСТ бўйича халқаро эксперт Йован Йекич мамлакатимизга ташрифи давомида давлат идоралари ва бизнес вакиллари иштирокида бўлиб ўтган семинарда қилган маърузасида ҳозиргача мазкур ташкилот фао­лиятига доир шаклланган айрим фикрлар унчалик тўғри эмаслигини айтди. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

- Бу фикрларга қўшиламан. ЖСТ хусусида кўпгина янглиш ва хато тасаввурлар борлиги ҳақиқат. Бу, асосан, мазкур ташкилот ҳақида ахборотнинг етарли эмаслиги, қоидаларининг қандай ишлашини билмаслик оқибати бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган мулоҳазалардан иборат. Масалан, энг кўп тарқалган фикрлардан бирида ЖСТга аъзо бўлгач, барча импорт божлари автоматик равишда пасайиши, импорт маҳсулотлари оқимининг бирданига кўпайиши, натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар келтириши таъкид­ланади. Аслида ундай эмас. Тарифларнинг белгиланган даражаси бу, аввало, ўтказиладиган музокаралар натижасига боғлиқ. Аъзо бўлаётган давлат тарифлар бўйича ўзининг дастлабки таклифларини берганидан кейин ўзаро музокаралар томонларни қизиқтирувчи аниқ товар позициялари бўйича олиб борилади. Баъзи товар позицияси бўйича тарифлар музокараларгача қўлланилганидан анча юқори бўлиши мумкин.  Масалан, Қирғизистон ЖСТга аъзо бўлиш чоғида тўқимачилик импорти учун боғлиқлик даражасини бу пайтгача қўлланилиб келинган 10 фоиз­дан 18 фоизга кўтаришга эришган. Бу мамлакат шу каби бир қатор таъсирга эга товарларни ҳисобга олган. Бундай мисолларни юқоридаги фикрларнинг нотўғри эканлигини, улар экспертларнинг эмас, балки эшитган гапини ҳақиқат сифатида қабул қиладиган одамларнинг тасаввурларидан бошқа нарса эмаслигини исботловчи далиллар дейиш мумкин.