Ўтган 2017 йил мамлакат тиббиёти учун муҳим бурилишлар ясалган йил сифатида тарихга кирди. Бирламчи тиббиёт тизими, шошилинч тиббий ёрдам, хусусий сектор, дори-дармон таъминоти ҳамда ихтисослаштирилган тиббий хизмат йўлида йирик ислоҳотлар амалга оширилди. Шундай янгиликлардан бири президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита топшириғи билан  мамлакат тиббиёти тарихида илк бор органлар трансплантацияси бўйича замонавий операцияларни амалга ошириш бошлангани бўлди. Ҳозирда соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда.

Айни дамда ушбу фаолият Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарори билан тартибга солинган.

Қарор сурункали буйрак ва жигар касалликларининг терминал босқичидаги беморларни юқори технологияли ихтисослашган тиббий ёрдам билан таъминлаш, яқин қариндошлик трансплантациясини ташкил қилиш мақсадида қабул қилинган. Низом буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартибини, трансплантацияни бажаришга кўрсатма ва қарши кўрсатмаларни, донор ва реципиентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.

Ўтган йилдан бошлаб Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида яқин қариндошлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Куни кеча марказда мамлакат тиббиёти тарихида биринчи марта беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Операция Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг Академик В.И.Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Паркентлик 26 ёшли бемор Убайдулла Дадахўжаев узоқ йиллардан буён жигар циррози хасталигидан азият чекарди. Унинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб борар ва дори-дармонлар билан даволаш деярли имконсиз эди. Умрининг энг гуллаган бир даврида шундай оғир дардга чалиниш, дард бемор ҳаётини хавф остига қолдираётганини тан олиш бутун оила учун мусибат. Бугун шифокорларимиз ўз маҳорати, билим ва амалий тажрибаси билан бир инсон ҳаётини сақлаб қолди ва келгусида шундай беморларга тиббий ёрдам бериш тажрибасини йўлга қўйди.