Ўзбекистон | 16:30 / 18.02.2018
24307
2 дақиқада ўқилади

«Апостиль» учун тўлов миқдори 10 баравар камайтирилди

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг 2018 йил 17 февралдаги қарори билан Ўзбекистонда тузилган расмий ҳужжатларга махсус штамп — «Apostille» қўйилганлиги учун тўлов миқдори 10 бараварга камайтирилди — у 172.240 сўмдан 17.224 сўмга туширилди, деб ёзади Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот канали.

Маълумки, ҳар йили 30 мингдан ортиқ фуқароларимиз ишлаш, ўқиш, оила қуриш ва бошқа шу каби масалаларда бизнинг давлат ташкилотларимиз томонидан берилган расмий ҳужжатларни хориждаги расмий идораларга топширади. Ушбу ҳужжатлар хорижда тан олинишининг асосий усулларидан бири сифатида уларга махсус штамп — «Apostille» қўйилган бўлиши шарт.

Сўнгги вақтларда «Apostille» учун тўлов миқдорининг юқорилиги ҳақида кўплаб фуқаролардан эътирозлар билдирилаётган эди.

Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан ушбу тўлов миқдорини камайтириш юзасидан таклиф ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди.

Ҳукумат томонидан ушбу таклиф қўллаб-қувватланиб, кўпчилик фуқароларнинг талаб ва истаклари қондирилди.

Маълумот ўрнида, расмий ҳужжатларга махсус штам — «Apostille» қўйиш ваколатига эга бўлган 4та ташкилот — булар:

  • судлар, адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича — Адлия вазирлиги;
  • прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича — Бош прокуратураси;
  • таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси;
  • бошқа ҳар қандай расмий ҳужжатлар бўйича — Ташқи ишлар вазирлиги.

 

UzA Shokirjonov Shuhrat
Тайёрлаган UzA Shokirjonov Shuhrat
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид