Жаҳон | 15:30 / 18.02.2018
6367
2 дақиқада ўқилади

Ташқи хавф таҳдиди остида Венесуэла бўйлаб ҳарбий машғулотлар ўтказилади

Венесуэла қуролли кучлари 24-25 февраль кунлари давомида бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳарбий машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда республика президенти Николас Мадуро маълум қилди.

"Мен Миллий боливар қуролли кучларига ва халқимизга мудофаа ва ҳарбий йўналишдаги кўп томонлама манёврлар ўтказишни топшириқ қилдим. Кейинги шанба, 24 февраль куни "Мустақиллик 2018" тадбирлари ўтказилади, машғулотлар 25 февраль куни ҳам давом этади", - деган у "Venezolana de Televisión" кўрсатуви эфирида.

"Миллий қуролли кучлар мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳаракатланади: Кариб денгизидан Ориноко дарёсигача, Амасонас штатидан Маракайбо кўлигача, шарқдан ғарбгача, шимолдан жанубгача", - дея қайд этган Мадуро. Унинг фикрича, бу орқали қуролли кучлар "бутун дунёга Венесуэлани ҳурмат қилиш зарурлиги, бу мустақил мамлакат ҳурматга сазовор эканини намойиш қилишади".

Ўтган ҳафтада Венесуэла Республикаси Конституцион ассамблеяси бош прокурори этиб тайинланган Тарек Уильям Сааб мамлакат душманлари Колумбия ҳудудидан бостириб киришни режалаштираётгани ҳақида гапирганди.

Кейинроқ Колумбия қуролли кучлари раҳбари генерал Альберто Мехиа бу фикрни бутунлай инкор қилиб чиқди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид