2017 йилда 18 мингдан ортиқ шахс махсус ҳисобдан чиқарилган — Ички ишлар вазири
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан суҳбатни эълон қилди.
ЎзА мухбирининг турли саволларига жавоб қайтарар экан, Пўлат Бобожонов ўтган йилларда республика ички ишлар органлари олдига қўйилаётган вазифалар қай даражада бажарилаётганлиги, ўтган бир йилда ушбу соҳада қандай натижаларга эришилганига тўхталиб ўтди.
«Амалга оширилган ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашишга бутун жамоатчилик, хусусан маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар ташкилотлари, пиру бадавлат отахон ва онахонлар билан ҳамкорлиги қайта йўлга қўйилди ва ушбу ишлар фаолиятимизда кўплаб ижобий кўрсаткичларга эришиш имкониятини берди.
2017 йилда мамлакатимизда 73 минг 692 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, аввалги йилга нисбатан 13 минг 720 тага ёки 15,7 фоизга камайишга эришилди.
Хусусан, қотиллик 22, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш 7,1, номусга тегиш 21,8, босқинчилик 22,8, талончилик 21, ўғирлик 6,6, фирибгарлик 5,7, безорилик 37,9, транспорт воситаларини олиб қочиш 6,2 фоизга камайди», — деди ИИВ раҳбари.
«Жиноят — одамлар хавфсизлигига путур етказувчи мудҳиш ҳодиса. Бундай ҳолатлар кўпроқ ёшлар томонидан турли сабабларга кўра содир этилиши кузатилади. Албатта, бир жиноят содир бўлиши ҳам ташвишланарли, бироқ бу жараёнда хотин-қизлар, вояга етмаганлар учраётгани янада аянчли ҳолат», — деди вазир.
«Президентимиз топшириқларига асосан турли диний оқимларга бошқалар таъсирида ёки ёшлик қилиб, оқибатини билмасдан кириб қолганларнинг «пушаймонлик аризалари»ни ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди. Диний экстремистик оқимларга кирганларнинг ҳар бирига нисбатан мавжуд ҳужжатлар дин уламолари, яқинлари, қўни-қўшни ва қариндош уруғлари, маҳалла аҳли фикрини инобатга олган ҳолда ўрганилмоқда.Шу асосда тегишли комиссия томонидан хулосалар қабул қилинмоқда. Бунинг натижасида ўтган йилнинг ўзида 18 мингдан ортиқ шахс махсус ҳисобдан чиқарилди», — деди П.Бобожонов.
«Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги тизимлари томонидан 2017 йил мобайнида коррупция ва иқтисод соҳасида содир этилган ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолияти тартибига қарши жиноятлардан 1 минг 426 таси аниқланди. Мазкур жиноятларнинг 171 таси порахўрлик, 109 таси товламачилик, 517 таси фирибгарлик, 125 таси валюта билан боғлиқ қоидаларни бузиш, 19 таси қалбаки пул ясаш, 190 таси талон-торожлик ҳамда 295 таси бошқа турдаги ҳолатлардир», — деди Ички ишлар вазири.
«2017 йилда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан 3,7 миллиондан ортиқ қоидабузарлик ҳолати аниқланди. 67 минг 148 ҳайдовчи автомобилини спиртли ичимлик ичиб бошқарган. 40 мингга яқин йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати эса пиёдалар томонидан содир қилинган.
81 минг 128 ҳуқуқбузарга нисбатан тўпланган материаллар судларга юборилди. Шундан 51 мингдан ортиғи маълум муддатларга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 1,5 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси болалар иштирокида содир бўлган.
Ҳозирда йўл-патруль хизмати ходимлари билан ҳайдовчилар ўртасидаги тушунмовчиликларни холисона ва қонун асосида ҳал қилиш учун ҳайдовчи билан инспекторнинг суҳбати тўла акс эттириладиган видеокамералар билан ҳар бир инспекторни таъминлаш чоралари кўрилмоқда», — деди вазир.
«2017 йилда 12 минг 705 ёнғин содир бўлган. Бунда 159 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 398 нафари турли тан жароҳати олган. Ёнғинлар натижасида 68 миллиард сўмдан ортиқроқ миқдорда моддий зарар кўрилди. Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва жойлардаги ходимларимизнинг хизматга содиқ ва фидойилиги туфайли ёнғинлар вақтида 195 нафар фуқаро соғ-омон ҳолда ёнғиндан қутқариб қолинди», — деди ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири Норгул Абдураимова билан суҳбатда.
Мавзуга оид
17:34 / 04.09.2024
Ўндан ортиқ давлатнинг полиция олий ўқув юртлари раҳбарлари Тошкентда йиғилди – фото
11:40 / 23.08.2024
Жиззахда соқол қўйган 22 ёшли фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
12:01 / 23.07.2024