Жамият | 23:20 / 20.02.2018
61398
11 дақиқада ўқилади

Бешариқнинг ечимини кутаётган беш муаммоси

Фарғона вилояти, Бешариқ туманидан: “Бизни ҳудудга ҳам бир келиб кетинглар. Зора тўпланган муаммоларимиз ечим топса...” дея қилинган илтимоснома бизни бефарқ қолдирмади.

Дарҳақиқат, 215 минг нафардан зиёд  аҳоли истиқомат қиладиган туманда амалга оширилиши лозим бўлсада пайсалга солинаётган ишлар бир талай экан.

Бешариққа боргач, шуни англадикки, муаммоларнинг барини бир мақолага жойлашнинг имкони йўқ. Шунинг учун аҳоли учун энг долзарб бўлган беш муаммога тўхталишга қарор қилдик.

Бешариқ бозори қайдадур...

Қадимдан: “Юрт фаровонлигини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорига бор” дейишган.

2012 йили Бешариқ ҳокимлиги ҳукуматимизнинг тегишли қарорларига “лаббай” дея жавоб бериб, туман марказига аҳолини турмушида керак бўлган барча турдаги маҳсулотлар билан савдо қилувчи бозорларни бир жойга кўчиришга бел боғлайди.

Фуқаролар келиб-кетишига қулай бўлган ҳудуд  - Дўстлик кўчасидан жой танланиб, кийим-бош, хўжалик моллари, ёғоч ва бошқа қурилиш маҳсулотлари билан савдо қилувчи, замонавий кўринишдаги бозорлар қурилади.

Бу вақтгача аҳоли барча турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини Ё.Абдуллаев ва И.Бухорий кўчаси кесишмасида жойлашган “Деҳқон бозори”дан савдо қилиб олар эди.

2014 йили Дўстлик кўчасида “Турон саноат-савдо комплекси” АЖ ихтиёридаги 210та турғун савдо шохобчаси, 50та мавсумий савдо расталарига эга, устав фонди 6 миллиард сўм бўлган бозор 2,5 гектар жойда қад ростлайди. “Янги бозор”га бир гуруҳ тадбиркорлар яхши ниятда фаолият юритиш учун кўчиб ўтади. Буюм бозори ёнида қурилиш моллари билан савдо қилувчи “Бешариқ қурилиш савдо” жамиятига қарашли бозор ҳам ишга тушади.

Мазкур савдо мажмуаларида тегишли ҳужжатлар асосида иш юритадиган, маҳаллий бюджетга вақтида барча тўловларни амалга оширадиган тадбиркорлар фаолиятини бошлайди.

Бироқ, туман ҳокимлиги ва Давлат солиқ инспекцияси “Деҳқон бозори”дан “Янги бозор”га тадбиркорларни жалб қилишга жуда ҳам бош қотиравермайди. Аҳоли эски жойга ўрганганлиги учун “Деҳқон бозори”га бораверади. Барча солиқлар тўлаб, меъёрий ҳужжатлар асосида “Турон саноат-савдо” бозорида иш олиб бораётган тадбиркорларнинг борган сари фиғони фалакка чиқаверади. Мурожаатлар бесамар, аризалар ижросиз қолади.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Туман маркази Ё.Абдуллаев кўчасидаги “Деҳқон бозори”га борганимизда, умуман савдо қилиш учун ҳеч қандай шароит бўлмаган жойда, жуда гавжум бозор юраётганига гувоҳ бўлдик. “Деҳқон бозори” 2018 йилда қайта таъмирланишга тушгани учун бузилиш ва савдо аралашиб ётибди. Кўчада, ҳеч қандай шароитсиз ерларда савдо кетмоқда. Ҳаракатдаги кўча ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари тўсиб олинади. Бу ҳолат кўчада жойлашган таълим муасассалари тарбияланувчиларига ҳам катта ноқулайлик туғдиримоқда. Санитария ҳолати тўғрисида эса гапиришни кераги йўқ. Хавфсизлик қоидаларига умуман жавоб бермайдиган мазкур бозорда савдо “гуллаб, яшнаётир”.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Барча шароитларга эга “Турон саноат савдо” бозори эса кимсасиз. Бу ердаги фаолиятини  қонуний йўлга қўйган савдогарларнинг билдиришича, гавжум Деҳқон бозорида савдо қилиш маълум бир “тадбиркорлар” тоифаси учун жуда қулай.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Ойлик тўлов, солиқ тўлаш йўқ. Фақат кунлик паттани пулга олиб, савдо қилаверасиз. 

Маҳалла аҳли ва “Янги бозор”да қоидага мувофиқ иш олиб бораётган тадбиркорлар бу борада мурожаат қилмаган жойи қолмаган.

Туман ҳокимлиги ва солиқ инспекцияси шу кунгача маҳаллий бюджетга фойда келтираётган бозорни ривожлантириш ўрнига, тартибсиз бозордаги савдогарларга шароит яратиб келмоқда.

Қизиқ, маҳаллий бюджетни тўлдирмасликка уринишдан ким манфаатдор экан-а?

Тадбиркорларнинг турли идораларга ёзган мурожаатлари бир тўплам бўлган. Уларнинг дардларини тасвирга ҳам туширдик.

Болам, Ропқонда 450 гектарлик боғ қуримоқда..

72 ёшни қоралаган Рустамжон ота Тошматов қўнғироқ қилади: “Болам, келинг. Ропқоннинг Адирободида 450 гектар боғ қурияпти. Яна шунчаси қуриш хавфи остида қолган!”

Юртимизда, Ропқон қишлоғини, унда битган энг сара ўрикларни билмаган кишининг ўзи кам бўлса керак. Жаннатмонанд жойлар. Кишилари меҳнаткаш, боғ илмининг ҳақиқий усталари.

Адир ҳудудига жойлашган қишлоқда 3500 гектар боғ бор. Шундан 1000 гектари Адирободда. Адиробод дегани бу - Ропқоннинг юқори қисми. Инсон қўли гул. Тошлоқ, адирлик жойда боғларни кўкартирган инсонларга таъзим қилиб раҳмат айтгинг келади.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

 Минг афсуски, машаққатли меҳнатлар эвазига бунёд этилган ўрикзорларнинг 450 гектари сувсизликдан қуриб қолибди. Яна қанақа навли ўриклар қуриган, биласизми? “Субҳони”, “Оқ қантак”, “Лимонка”, “Лола” ва ўша Тошкент бозорларида килоси 50 минг сўмга чиққан “Ирис” навлари. Экспортбоп, бутун дунё оғзи тегадиган ўриклар.  

1981 йили тошлоқ, гиёҳ унмас жойда ташкил этилган Адиробод боғларига Қашқар қишлоғидаги Ропқон1 насос станцияси Катта Фарғона каналидан икки метр баландликка сув тортиб чиқариб беради. Беш йилдан бери насослар эскириб, таъмирталаб ҳолга келгач, ўриклар суғорилмай қолиб кета бошлади.

Маълумот учун айтиб кетайлик. Тошлоқ жойда ўрик ҳар ўн беш кунда сув ичмаса қурий бошлайди.

5 минг кишини иш ва даромад билан таъминлаб турган, давлатга ҳар гектаридан 1 миллиондан солиқ тўланадиган 450 гектар ердаги боғ ўрикларини қайта ўстириш учун яна қанча йиллар керак!  96та боғдорчилик хўжаликлари боши қотиб, турли идораларга мурожаат қила-қила шунча мевани бой беришди. Қишлоқ ёшлари боғлар қуригач, Россия ва бошқа жойларга иш излаб чиқишга мажбур бўлгани эса алоҳида мавзу.       

“Боғларга қараб, йиғлагим келади, ўғлим. Шунча меҳнат увол. Бормаган, арз қилмаган жойимиз қолмади. Чироқнинг тинимсиз ўчиши насосларни ишдан чиқарди. Вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги бошқа жойларга неча бора арз қилдик. Фойдаси бўлмаяпти. Наҳотки, насос станциясини ишлатиб, шунча одамни ишли қилиш, боғни гуллатиш керак эмас?”, дейди Рустамжон ота.

Адирободдаги қаровсиз бўлиб кетган агрофирма деворига: “Яхшидан боғ қолади” деб ёзилган экан. Нақадар керакли ҳикмат.

Ота билан қўнғироқлашганимизда хайрлашаётиб: “Ҳали қуримаган ўриклар гулига қадар икки марта сув ичмаса, ҳосилдан умид йўқ” дея зорланиб қўйди...

5 сотих жой ололмаётган тадбиркор

Навбатдаги муаммоли ҳолат ҳам Ропқон қишлоғилик тадбиркор йигитга тааллуқли. Нодирбек Низомиддинов 2014 йили қишлоғидан чиқадиган булоқ сувининг таркибини лабораторияда таҳлил қилдиради. Мутахассислар сувинг таркибида 27 хил маъданлар борлигини аниқлашади. Ёш тадбиркор чет элдан 16 минг АҚШ долларига сув қадоқлаш технологиясини олиб келади. Унинг мақсади аниқ эди. Маъданли сувни қадоқлашни йўлга қўйса, 16 киши иш билан таъминланиб, даромадга киради. Маҳаллий бюджетга ҳам фойда.

Лойиҳани ишга тушириш учун тадбиркор 2014 йили яхши ниятлар билан ўша сув отилиб чиқаётган дала жойдан атиги  5 сотих ерни сўраб, ҳокимиятга мурожаат қилади. Ана шунда ёш йигит ниятлари пуч эканини билди. Нодирбек лойиҳасининг туманга умуман кераги йўқ экан Турли важ-карсонлар билан уни кўп йиллар роса югуртиришди. Дастгоҳлар эса қоронғи хонада чангга ботиб ётибди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

 Ўша дренаждан сув отилиб чиқаётган жойга бориб, ҳолат билан танишдик. Булоқ атрофи чиқиндига тўлган. Отилиб чиқаётган маъданли сув автомобил ювишга ишлатилмоқда. Раҳмингиз келади. 5 сотих жой 15 нафар ёшни чет элга ишлагани боришдан сақлаши мумкин эди.

Тадбиркорнинг ҳафсаласи пир бўлган. “Ака, барибир натижа бўлмаса керак?” деган гапи юракка оғир ботди.

Бир тадбиркор кредит сўрамай, ўз ҳисобидан дастгоҳ олиб келиб, корхона қурмоқчи бўлса-ю, ҳеч ким ёрдам бермаса?  Уни ишлари албатта юришиб кетишига ишонтиришга ҳаракат қилдик.

Яна икки муаммо..

Мақолам чўзилиб кетди. Шунинг учун Бешариқ туман  марказидаги “Умар ибн Абдулазиз” жоме масжиди ҳудуддаги ноқонуний қурилиш моллари туфайли чангга ботгани, ҳудудда яшаётган аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётгани ва бу ҳолатни вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи ўрганиб чиқиб, 2014 йили туман ҳокимлигига чора кўришни юкласада, иш бажарилмаётганига қисқача тўхталамиз.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Яна бир муаммо эса, туманда намунали кушхона қурилиши пайсалга солинаётгани билан боғлиқ. 

Туман ҳокимлигида...

Бешариқдаги мурожаатларнинг бештасини ўрганиб чиққач, ушбу муаммолардан мутасаддилар қай даража хабардор эканлигини билиш мақсадида туман ҳокимлигига бордик.

Бизни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Бегматов ва туман солиқ инспекцияси раҳбари Алишер Саксонбоев қабул қилишди. Ҳар икки мутасадди биз ўрганган муаммолардан хабардор эканлигини билдириб, уларни бартараф қилишга ҳаракат олиб борилаётганини билдиришди.

Солиқ идораси раҳбарига бозор муаммоси ҳақида берилган саволимиз умуман очиқ қолди. Мутасаддидан қонуний йўл билан тадбиркорликни амалга ошириб, дўконига касса аппарати ўрнатиб, турли солиқларни вақтида тўлаб, маҳаллий бюджетни тўлдираётган тадбиркорлар ўзларини ҳимоя қилишларини сўраётганини етказдик.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Туманда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, боғдорчиликни қўллаб-қувватлаш йўлида муаммолар мавжуд.

Бешариқ тумани 57 фоиз субвенцияда ўтирар экан. (Маълумот ўрнида: Субвенция - мақсадли сарфлаш шарти билан юқори бюджетдан қуйи бюджетга қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағи). Туман ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаши учун эса тадбиркорликни ривожлантириши ва солиқ базасини кенгайтириши лозим.  

Юқоридаги барча муаммолар эса айнан шу мақсадларни ўз ичига олади. Бешариқ туманининг салоҳияти эса жуда юқори.

Биз бу мавзуга бир ҳафтадан кейин яна қайтамиз.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов

Мавзуга оид