Ўзбекистон | 13:03 / 20.02.2018
15419
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қозоғистонда меҳнат мигрантлари сони бўйича етакчилик қилмоқда

Фото: Sputnik

Қозоғистонда 2017 йилда мамлакатга келган ва рўйхатдан ўтган мигрантлар сони 2016 йилнинг тегишли даври билан таққослаганда 20,5 фоизга ўсди ва 16 081 кишини ташкил этди.

Шу билан бирга, Қозоғистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатдан чиқиб кетган мигрантлар сони 7,8 фоизга ўсди ва 37 704 кишини ташкил этди, миграция сальдоси - 21 623 киши.

Мамлакатнинг асосий миграция алмашинуви МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келади: МДҲ мамлакатларидан келганлар улуши 72,1%ни ташкил этди; МДҲ мамлакатларига чиқиб кетганлар улуши 89,4 фоизга тенг бўлди.

Экспертларнинг аввалроқ таъкидлашича, 2016 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистондан иммиграция миқдори сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Ўзбекистондан келган мигрантлар барча кўрсаткичлар бўйича энг катта гуруҳга мансуб: уларнинг 1 000 000 дан ортиғи 2016 йилда вақтинчалик рўйхатга эга бўлган ҳамда 300 мингдан ортиқ киши ишлаш учун рухсатнома олган. Бундай кўрсаткичлар Халқаро миграция ташкилотининг «Муҳожирлар заифлиги ва Марказий Осиёда интеграциялашув эҳтиёжлари» тадқиқотида келтирилган.

Россия Фанлар академиясининг Миграцион тадқиқот маркази ҳузуридаги МДҲда миграция бўйича Тадқиқот кенгашининг эксперти Елена Садовская фикрича, Қозоғистонга 2017 йилда ҳам меҳнат мигрантларининг аксарияти Ўзбекистон томонидан етказиб берилган. Ўзбекистон ҳатто Германияни Қозоғистондан жисмоний шахслар энг кўп пул юборадиган давлатлар рўйхатида ортда қолдирди.

Мавзуга оид