Жаҳон | 19:05 / 22.02.2018
46106
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини текширувчи янги қурилма яратилди

Пойтахтдаги “Яшнобод” инновация технопарки резиденти бўлган “My Air Group IT Service” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари томонидан яна бир инновацион ишланма яратилди. Бу ҳайдовчилик гувоҳномаларини текширишнинг автоматлаштирилган тизимидир, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

 Айни пайтда амалиётга татбиқ этишга тайёр ушбу лойиҳанинг афзалликлари нимада? 

— У мамлакатимиз ички ишлар идоралари, хусусан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятида қўл келади, — дейди “My Air Group IT Service” компанияси савдо ишлари бўйича директор Саидазиз Мирзаев. — Мазкур тизимни амалга ошириш учун кўп функцияли назорат касса машинаси (КНКМ) “АСА” қурилмасидан фойдаланилади. Яъни бу қурилма камера орқали ходимнинг ҳайдовчи билан мулоқотини видеотасмага ёзиб олиш имконини беради.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автомобилни тўхтатиб, КНКМ “АСА” қурилмасидаги “Ҳужжатларни текшириш” тугмасини босади. Шунда ушбу қурилма автоматик тарзда камерани ишга туширади.

Бундан ташқари, ускуна ЙҲХ ходимининг транспорт воситасини тўхтатган вақтдан бошлаб, автомобиль эгаси билан мулоқотини узлуксиз равишда ёзади. Бу эса хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ёки ҳайдовчи билан қўпол муомалада бўлиш каби келишмовчиликларга чек қўяди. Буюртмачининг хоҳишига кўра, ёзув автоматлаштирилган режимда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида жойлашган серверга узатилиши ҳам мумкин.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси “АСА” қурилмасининг тегишли нуқтасига яқинлаштирилса, онлайн тарзда сервер билан синхронлашув рўй беради ва экранда ҳайдовчи ҳақидаги маълумот акс этади. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларига доир рўйхат (агар улар мавжуд бўлса) кўринади ҳамда интизомнинг бузилиши ҳақидаги ахборот ифодаланган чек чиқариб беради.

КНКМ “АСА” барча турдаги тўлов манбалари, яъни пластик карточкалар, нақд пул, мобиль иловаларни қабул қилади.

Мавзуга оид