Жаҳон | 09:20 / 22.02.2018
5929
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Швецияга 3,2 млрд долларлик Patriot тизимларини етказиб беради

Фото: Bernd Wuestneck/AFP

АҚШ маъмурияти Швецияга "3+" конфигурациясидаги Patriot PAC-3 ракеталарга қарши мудофаа ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиш ҳақида қарор қабул қилди. Уларнинг умумий қиймати қарийб 3,2 млрд долларни ташкил этади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигининг DSCA мудофаа ҳамкорлиги ва хавфсизлиги бўйича бошқармаси хабар берди. У хорижга ҳукуматлараро шартномалар бўйича ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб бериш, АҚШ Қуролли кучлари ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни илгари суриш, Вашингтоннинг мудофаа соҳасидаги хорижий шерикларига молиявий ҳамда техник кўмак кўрсатишга жавобгар ҳисобланади. 

Маълумотларга кўра, Швецияга, хусусан, 200 та зенитли бошқарилувчи ракета, шунингдек, Patriot PAC-3+ тизимларига ракеталарга қарши ускуналарни етказиб бериш мўлжалланмоқда.

Вашингтон ҳамда Стокҳольм ўртасида ушбу шартномани бажаришга рухсат АҚШ Давлат департаменти томонидан тақдим этилган. Америка маъмурияти бу ҳақда АҚШ Конгрессини ҳам хабардор этди. Энди АҚШ маъмуриятининг қонунчилик тармоғида бу ҳарбий шартномани ўрганиб чиқиш ва уни эҳтимолий блоклаш учун 30 кунлик муддат бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид