Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Миллий концепция устида иш олиб борилмоқда
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Миллий концепция устида иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 20 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган семинар-брифингда шу ҳақида маълум қилинди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, шу йилнинг 5-8 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ташаббуси билан “Марказий Осиёда атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё халқаро экологик форумига тайёргарликдан иборат эди.
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаши билан бир қаторда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига ҳам ўз ҳиссасини қўшиш учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Республика Президенти томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича барча вазифаларни тўлиқ қамраб олган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда чиқиндиларнинг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро вилоятининг Когон туманидаги чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластери бунга яққол мисол бўла олади. Шунингдек, атроф табиий муҳит мониторинги тизимини модернизация қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тоза, экологик маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш механизмларини татбиқ этиш, мазкур соҳага йўналтирилган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, кам чиқитли ва чиқиндисиз технологияларни илгари суриш бўйича қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилмоқда. Биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирда Президент қарори билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Миллий концепция устида иш олиб борилмоқда.
Ушбу ва бошқа вазифаларни амалга ошириш нафақат миллий, балки минтақавий ва халқаро миқёсдаги манфаатдор томонларни жипслаштиришни талаб этади.
– Мақсадимиз – барча манфаатдор томонлар, шу жумладан, тижорий ва илмий ҳамжамиятни жалб этган ҳолда, минтақавий масалаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳамкорликнинг самарали майдонини яратишдан иборат, – дея таъкидлаб ўтди Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров.
Тадбирда Европа, Осиё ва Марказий Осиёнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги бўйича давлат органларининг раҳбарлари ва мутахассислари, БМТнинг тузилмавий ташкилотлари, етакчи халқаро ташкилотлар, молия институтлари, илмий ва жамоат ташкилотлари вакилларининг иштирок этиши режалаштирилган.
– Марказий Осиё халқаро экологик форуми мамлакатларга ўз позицияларига ҳамоҳанг тарзда, муаммоларни ижобий ҳал қилиш имконини берувчи аниқ лойиҳаларни белгилашга имконият яратади, – деди Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг ижрочи директори Искандар Абдуллаев. – Сўнгги вақтларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ривож топди, хусусан сув масалаларида ҳам сезиларли илгарилаш рўй берди. Сиёсий ирода натижаси шунга олиб келдики, биз сув масаласини келишмовчилик тарзида эмас, балки ҳамкорлик предмети сифатида кўриб чиқмоқдамиз. Бу эса, ўз навбатида, масалани ҳамжиҳатликда кўриб чиқиш имконини бермоқда. Таъкидлаш жоизки, биз ҳамкорликни тиклаш баробарида иқтисодий салоҳиятни ҳам тиклаймиз.
Искандар Абдуллаев таъкидлаб ўтганидек, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази 2001 йилдан буён Марказий Осиёнинг 6 мамлакатида, шу жумладан Афғонистонда ҳам фаолият юритиб келмоқда. Ташкилот 5 йўналишни, жумладан, иқлим ўзгариши, энергия самарадорлиги, сув масалалари бўйича ҳамкорлик, атроф-муҳит, саломатлик ва барқарор ривожланиш учун таълим каби муҳим масалаларни қамраб олган.
“Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ҳаракатлар дастури доирасида ўзини Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг фасилитатори сифатида кўради. Боиси, экологик масалаларни алоҳида мамлакатлар чегарасида ҳал этиб бўлмайди. Биз, шунингдек, минтақага келиб тушадиган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича маълумотлар йиғиладиган билимлар маркази ҳам ҳисобланамиз. Кенг аҳоли қатламига ахборотни тарқатиш мақсадида биз жамоат ташкилотлари ва журналистлар билан узвий алоқада фаолият олиб борамиз”,- дея таъкидлаб ўтди И.Абдуллаев.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкил этилмоқда.
Форумнинг асосий мавзувий йўналишлари – қуйидагилар ҳисобланади:
1. Қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлиги.
2. Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш.
3. Биологик хилма-хилликни сақлаш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини кенгайтириш.
– Ўзбекистон Республикасининг мана шундай масштабдаги форум ташаббускори эканлиги, унинг ҳудудий ҳамкорлик ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларини ҳал этишда бирдамликда ишлашнинг нақадар муҳим эканлигида яққол намоён бўлади, – дейди Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи Делегацияси дастури менежери Дониёр Қўчқоров. – Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг ҳудудий масалалар муҳокамасидаги иштироки муҳим аҳамиятга эга эканини инобатга олган Европа Иттифоқи форумнинг фаол иштирокчиси бўлишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бугунги кунда Европа Иттифоқи ҳам ҳудудий, ҳам миллий даражадаги бир қанча экологик лойиҳаларни, шу қаторда форумнинг ялпи мажлисларидан бирида тўхталиб ўтиладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш борасидаги лойиҳаларни ҳам молиялаштиради. Айни пайтда Европа Иттифоқи айнан қайси соҳаларда тажриба алмашишини атрофлича муҳокама қилиши, бир тўхтамга келиши, шунингдек ҳамкорликнинг ўзаро фойдали томонларига олиб борувчи яна қандай мустаҳкам нуқталар борлигини ҳам аниқлаб олиши мақсадга мувофиқ.
Форум доирасида қуйидагиларни ўтказиш режалаштирилган:
1) Ялпи ва паралелль йиғилишлар – ҳар битта мавзувий йўналиш бўйича барча Марказий Осиё мамлакатлари манфаатларига мувофиқ келадиган энг долзарб масалалар аниқланади ва уларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар ишлаб чиқилади.
2) Ўзбекистонда илк маротаба экологик тоза технологияларнинг махсус кўргазмаси ташкил этилиб, у экологик тоза қурилмалар ва технологияларни ишлаб чиқарувчи машҳур ташкилотларни ўзида бирлаштиради. Кўргазманинг асосий йўналишлари:
- қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва ташиш учун махсус техника;
- чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш технологиялари;
- ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг тоза технологиялари;
- қишлоқ хўжалиги ва аҳоли яшаш сектори учун қайта тикланадиган энергия технологиялари;
- аҳоли яшаш секторида энергия самарадорлиги;
- саноатда энергия самарадорлиги.
3) Форум барча манфаатдор донор-мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари вакилларини ўзаро бирлаштириб, Марказий Осиё давлатлари учун долзарб ва устувор бўлган масалаларни муҳокама қилиш, зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, уларни ҳамкорликда амалга ошириш имконини беради.
4) Хорижий ОАВ вакиллари учун Орол денгизи талафотлари ва Ҳисор давлат қўриқхонасининг ноёб флора ва фаунаси билан яқиндан танишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Қашқадарё вилоятига медиатур ташкил этиш.
“Фикримча, мазкур форум, ҳақиқатан ҳам чора-тадбирларни қабул қилиш зарур бўлган барча ҳамкорларни бирлаштирувчи муҳим ташаббусдир, яъни атроф-муҳит тўғрисида шунчаки сўз юритиш эмас, балки амалда чора-тадбирларни қабул қилишдир,-дея изоҳлаб ўтди БМТ Ўзбекистондаги резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер. – Бугунги ўтказилган брифингдан кўриниб турибдики, форум ҳақиқатан ҳам амалий бўлади ва нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунё тўқнашаётган долзарб табиатни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун аниқ натижалар берадиган ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлайдиган ҳаракатларга йўналтирилган”.
Мавзуга оид
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
18:18 / 12.11.2024
Жаҳонда 10 йил давомидаги табиий офатлардан кўрилган зарар 2 триллион доллардан ошди
20:54 / 11.11.2024