Мажбурий парҳез: венесуэлаликлар инқироз сабабли бир йил ичида 11 кг.га озиб кетдилар
Венесуэлаликлар ўтган йил ўртача 11 кг вазн йўқотганлар, чунки бугунги кунда аҳолининг деряли 90 фоизи ночорликда яшамоқда. Бу ҳақда Венесуэланинг Марказий, Андреса Белло ва Симон Боливар номидаги университетлари томондан 21 февралда чоп этилган тадқиқот маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Тадқиқот Венесуэлада ўткир озиқ-овқат етишмовчилигини келтириб чиқарган иқтисодий инқироз оқибатларини ўрганишга бағишланган.
Тадқиқотчилар 2016 йилда венесуэлаликлар ўртача 8 кгга озишганини қайд қилишганди.
Тадқиқотда қатнашган венесуэлаликларнинг 60 фоизи охирги 3 ой егулик учун пуллари бўлмагани сабабли мунтазам оч-наҳор тонг оттиришга мажбур бўлишганини айтишган. Респондентларнинг 25 фоизи кунига икки ёки бир маҳал таом ейишларини маълум қилишган.
Сўровномада 20 ёшдан 65 ёшгача бўлган 6168 венесуэлалик иштирок этган.
“Нархлар ва аҳоли маоши ошиши ўртасидаги номутаносиблик шунчалик кенг қамровлики, деярли ночор бўлмаган бирорта венесуэлалик йўқ”, деб изоҳ берган тадқиқотчилардан бири Мария Понсе.
Венесуэла мухолифати маълумотларига кўра, охирги бир йил ичида мамлакатда нарх-наво 4068 фоизга ошган. Бу маълумотлар мустақил иқтисодчиларнинг ҳисоб-китоблари билан деярли мос келмоқда. Январь ойида инфляция 84,2 фоизни ташкил қилган.
Айни вақтда 1970-йилларда Лотин Америкасининг энг бой давлатларидан ҳисобланган Венесуэла бир қанча сабабларга кўра иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бу эса озиқ-овқат етишмовчилиги, гиперинфляция ва бошқа жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда ва аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Мавзуга оид
20:37 / 24.10.2024
Сахаров мукофоти Венесуэла демократик ҳаракати етакчиларига берилди
21:35 / 15.10.2024
Мадуро Илон Маскни Венесуэлада давлат тўнтаришига уринишда айблади
19:56 / 13.10.2024
Венесуэла ҳукумати журналистларнинг хорижга чиқиш паспортларини тортиб олаётгани маълум бўлди
23:16 / 19.09.2024