Ундан олдинроқ шаҳарда озиқ-овқат нархлари ошиши ва энергетика инқирози туфайли норозилик акцияси бўлиб ўтганди.

Куба ички ишлар вазирлиги беш киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берган.

Invasor давлат нашри намойишлар «тинч руҳда бошлангани», аммо кейин «вандализм актлари»га уланиб кетганини ёзиб чиққан. «Одамларнинг кичик гуруҳи бинони тошбўрон қилди, кейин эса вестибюлда турган мебеллар кўчага олиб чиқилиб, ёқиб юборилди», – дейилади хабарда.

Бошқа бир неча давлат муассасалари, жумладан, дўкон ва дорихоналар ҳам ҳужумга учраган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Компартия офиси биносига тош отилаётгани ва одамлар «Озодлик!» дея қичқираётганини кўриш мумкин. Кўчаларда эса улкан гулханлар ёқилган.

Куба ички ишлар вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органлари «вандализм актлари» текширилаётгани ҳақида хабар берган.

Сўнгги ойларда Куба чуқур энергетик ва озиқ-овқат инқирозини бошдан кечирмоқда, оролда тез-тез блэкаут кузатилмоқда, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиб бормоқда. Бу шифохоналар, жамоат транспорти, таълим муассасалари ва чиқиндиларни йиғиш каби асосий хизматлар фаолиятига таъсир кўрсатмоқда.

Куба пойтахти ҳам кунига 15 соатгача электр таъминотидан узилмоқда.

Бу январ ойида Кубага дўстона ҳисобланган Венесуэлада Америка ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ҳарбий тўнтариш оқибати бўлмоқда, Николас Мадуро ўрнига келган муваққат ҳукумат АҚШ босими остида оролга нефт етказиб беришни тўхтатган.

Доналд Трамп эса Куба раҳбарияти алмашиши керак бўлган давлатлар рўйхатида Венесуэла ва Эрондан кейин турганини айтиб, таҳдид қилмоқда.

66 йил муқаддам, Фидел Кастро бошчилигидаги исёнчилар ҳокимиятга келиб, Америка компаниялари мулкларини мусодара қилганидан кейин АҚШ томонидан Кубага қарши савдо эмбаргоси жорий этилганди.

Норозилик кучаймоқда

Куба конституциясида сўз эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган бўлса-да, мамлакатда оммавий норозилик намойишлари деярли кузатилмайди.