Жаҳон | 12:54 / 23.02.2018
4966
2 дақиқада ўқилади

Австралия бош вазири ўринбосари йирик можаро туфайли истеъфога чиқмоқда

Фото: ABC News

Австралия бош вазири ўринбосари, ҳукмрон коалицияга кирувчи Миллий партия етакчиси Барнаби Жойс ҳар икки лавозимдан истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилди.

"Келаётган душанба куни ҳукуматдан ва партиямиз етакчиси лавозимидан кетаман", - дея хабар берди у жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида. Унинг билдиришича, Вакиллар палатасида ишини давом эттириб, оддий парламентарийга айланади.

Австралиядаги энг таъсири баланд сиёсатчилардан бирининг шундай қарор қабул қилишига Канберрада юз берган йирик можаро сабаб бўлди. Бунда 50 ёшли Жойс рафиқаси билан ажралгани, ажримни расмийлаштирмагани ва ўзига маъшуқа топиб олгани маълум бўлган. Айтилишича, аввал ходимлари аппаратига кирган Викки Кэмпион ундан фарзанд ҳам кутмоқда. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, бош вазир ўринбосари бошқа аёлларга ҳам шилқимлик қилган.

Жойс жинсий шилқимлик қилиш бўйича барча айбловларни рад этмоқда ҳамда керак бўлса судлашишга ҳам тайёрлигини маълум қилди. "Менинг ишончим комилки, якунда бу айбловларнинг бари ҳақиқатдан йироқ экани исботланади", - дея таъкидлаб ўтди Жойс. Шу билан бирга, унинг тан олишича, ҳозирги пайтда ҳужум бутун партия ва ҳукумат обрўсига зиён етказмоқда. "Бунга якун ясаш керак, мен кетишга қарор қилдим", - дея аниқлик киритиб ўтди бош вазир ўринбосари.

Мавзуга оид