Фан-техника | 20:10 / 27.02.2018
7706
2 дақиқада ўқилади

Дубайда Яқин Шарқ шаҳарларини боғловчи Hyperloop линияси лойиҳаси тақдим қилинди

Фото: Virgin Hyperloop One

Virgin Hyperloop One компанияси БААда Яқин Шарқ бўйлаб шаҳарларни боғловчи вакуум транспорт линияси лойиҳасини тақдим қилди. Лойиҳанинг бош сенсацияси Дубай ва Абу-Даби ўртасидаги 12 дақиқалик маршрут бўлиб, у Дубай амирлигининг транспорт бошқармаси билан биргаликда лойиҳаланган.

Дубай ва Абу-Дабидаги йўналиш 2016 йил ноябрда илк бор тақдим қилинган, ўтган йил компания Яқин Шарқ бўйлаб шаҳарларни, жумладан Кувайт, Жидда ва Маскатни боғловчи кенг тармоқни лойиҳалади. Орасидаги масофа 140 кмни ташкил қилувчи Абу-Даби ва Дубай ўртасидаги сафар айни вақтда машинада 1,5 соат вақт олади. Hyperloop One маълумотларига кўра, бу йўналиш бўйича кунига 4 мингта автомобиль ҳаракатланади. Агар Hyperloop жорий қилинса, иш вақти йўқотишлари қисқаришидан кўриладиган фойда 800 млн долларни ташкил қилади.

“Жиддадан Ар-Риёдга ва Абу-Дабидан Дубайгача чўзиладиган Hyperloop тармоғи минтақадаги иқтисодий ривожланиш ва ўсишга катта таъсир кўрсатади”, деб айтган Virgin Hyperloop One бош директори Роб Ллойд.

Ллойд БААдаги инновациялар ҳафталигида Hyperloop йўловчи капсуласининг тўлиқ ўлчамли моделини намойиш қилиш учун Дубайга ташриф буюрган. Бу модел Невадада 387 км/соат тезликда синовдан ўтказилган прототипдан фарқланади: янги капсула ичидан жамоат транспортидан кўра, Emirates авиакомпанияси самолётининг бизнес-синфига ўхшайди.  

Прототипнинг суратларида шинам кабина, сенсор экранлар ва оёқлар учун қўшимча жойга эга ўриндиқларни кўриш мумкин.

Virgin Hyperloop One эгаси Ричард Брэнсон Ҳиндистонда 5-7 йилдан кейин Hyperloop линиясини қуришга ваъда берганди. Вакуум поездлар линияси Пуна ва Мумбайни боғлайди. Илк синов линияси 2-3 йилдан кейин қурилади, тўлақонли Hyperloop тармоғи эса 2023-2025 йиллардан ишлай бошлайди.

Мавзуга оид