Жаҳон | 08:21 / 01.03.2018
10722
2 дақиқада ўқилади

Уммонда фақат аёлларга мўлжалланган таксилар хизмат кўрсата бошлайди

Фото: Reuters

Уммон султонлиги йўлларида 1 мартдан БААдаги каби аёл ҳайдовчилар томонидан бошқариладиган ва фақат аёллар учун мўлжалланган таксилар хизмат қила бошлайди.

Январь охирида Уммон йўл полицияси 1 мартдан султонлик аёлларига такси ва юк машиналари ҳайдаш рухсат берилиши ҳақидаги билдиришнома чиқарган. Полиция хабарида айтилишича, бу ташаббус “Уммон ҳукуматининг аёлларга бизнес ва меҳнат қилишда бир хил ҳуқуқлар берилиши сиёсатининг бир қисми” ҳисобланади.  

Уммондаги зарғалдоқ-қора кўринишдаги одатий таксилардан “аёллар” таксилари пушти, ҳаворанг ва оқ рангларда бўлиши билан фарқ қилади.

Уммон аёллари ушбу янгиликни мамнуният билан қабул қилдилар. “Бу яхши янгилик. Мен такси ҳайдашга лицензия олишга биринчилардан ариза топшираман. Аёллар киракашлик орқали пул топиш имконига эга бўлишлари керак”, деб айтган ишсиз Раҳма ал-Холидий. Яна бир аёлнинг айтишича, ҳайдовчилик гувҳномалари бўлмаган аёллар эркак ҳайдовчилар билан машинада юришдан хавфсирашган.

Бу орада уммонлик журналист Фотима ал-Аримийнинг айтишича, султонликдаги кўплаб аёллар ўз машиналаридан такси сифатида фойдаланиб келишган. “Бу қарор ўзи мавжуд бўлган амалиётни қонунлаштирмоқда, холос”, деб айтган аёл.

Эркаклар ҳам бу янгиликни ижобий қаршилашган. “Бу оиладаги барча аёлларни ташиб юришдан яхшироқдир”, деб айтганлар кўплаб эркаклар.

Дубай Форс кўрфази шаҳарлари орасида 2007 йилда аёллар учун мўлжалланган таксилар пайдо бўлган илк шаҳар ҳисобланади. 

2015 йилда аёл ҳайдовчилар бошқарадиган таксилар Мисрда пайдо бўлган, Иорданияда ҳам “аёллар” таксилари мавжуд.

Мавзуга оид