Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уммон: АҚШ ва Эрон ўртасидаги “ядровий” музокараларнинг биринчи босқичи якунланди
Эрон АҚШ билан билвосита музокараларнинг биринчи раунди ортидан енгил оптимизм билдирди. Бироқ Теҳрон фақат ядровий дастур ва санкцияларни юмшатиш масалаларини муҳокама қилмоқчи, Вашингтон эса — кенгроқ мавзулар доирасини.
Уммон пойтахти Масқатда АҚШ ва Эрон ўртасида Ислом Республикасининг ядровий дастури бўйича ўтказилган билвосита музокараларнинг биринчи раунди якунланди. Унинг якунлари бўйича Теҳрон енгил оптимизм билдирди. «Бошланиш яхши», — деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи жума куни, 6 февралда. «Ишончсизлик деворини енгиб ўтиш керак», — деб қўшимча қилди у.
Эрон ТИВ раҳбари Теҳрон ва Вашингтон музокаралари қачон давом этиши кутилaётганини аниқ айтмади. Арағчининг сўзларига кўра, энди ҳар икки мамлакат делегациялари маслаҳатлашувлар учун ўз пойтахтларига қайтиб кетади. Шу билан бирга, Axios нашри мухбири Барак Равид манбага таяниб, навбатдаги раунд яқин кунларда бўлиб ўтишини маълум қилди.
Уммон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий музокараларни «жуда жиддий» деб атади. Дипломат X микроблоглар тармоғида ёзишича, ҳар икки мамлакат делегациялари билан алоҳида учрашувлар «ҳам эронликлар, ҳам америкаликларнинг нуқтаи назарини ойдинлаштириш, шунингдек эҳтимолий илгарилаш соҳаларини белгилаш учун фойдали бўлди». АҚШ томони мазкур материал чоп этилган пайтда маслаҳатлашувлар жараёнини шарҳламади.
Масқатдаги музокаралар Эрон ва АҚШ ўртасидаги таранг муносабатлар фонида ўтди. Теҳрон фикрича, баҳс-мунозара иштирокчилари фақат икки мавзуга — Эроннинг ядровий дастурига ва санкцияларни эҳтимолий юмшатишга эътибор қаратиши керак. Вашингтон эса бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлайди: Ислом Республикасининг ракета дастури ва Эроннинг минтақадаги иттифоқчиларига кўрсатаётган қўллаб-қувватлови, жумладан ҲАМАС, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳамда Яман ҳусийчи исёнчилари.
Қўшма Штатлар йил бошидан бери минтақадаги ҳарбий иштирокини сезиларли даражада кенгайтирди — жумладан, Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳужумлардан АҚШнинг ўз ҳарбий базалари ва Вашингтон иттифоқчиларини ҳимоя қилиш мақсадида. АҚШ президенти Доналд Трамп бир неча бор Теҳронга нисбатан ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилган. Эрон томони эса, жавоб тариқасида, агар ушбу давлатлар Ислом Республикасига қарши ҳужумга жалб этилса, Қўшма Штатларнинг ҳарбий базалари жойлашган Форс кўрфази араб давлатларига зарба бериш билан таҳдид қилди.