Ўзбекистон | 14:45 / 01.03.2018
11209
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигининг истиқболли йўналиши қандай?

Фото: UzReport

Яқин қўшнилар бўлган ўзбек ва тожик халқлари қадим замонлардан дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келган. Бугун президентлар Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси туфайли мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ижобий ривожланмоқда, деб ёзади “Жаҳон” АА.

Қисқа вақт ичида икки давлат раҳбарининг давлатлараро муносабатлардаги конструктивизмга бўлган саъй-ҳаракати натижасида ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида ютуқларга эришилди. Бош вазир Коҳир Расулзода бошчилигида Тожикистон ҳукумат делегациясининг яқинда Фарғонага амалга оширган ташрифи, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда янги назорат-ўтказиш пунктларининг очилиши ва амалдагилари модернизацияси Тошкент ва Душанбе прагматизм ва ўзаро манфаат асосида алоқаларни йўлга қўйиш бўйича қатъий позицияда эканини яна бир бор кўрсатди.

Сир эмаски, ушбу қадамлар икки халқ, оддий фуқаролар ўртасида алоқаларни ривожлантиришга ёрдам беради (people-to-people exchanges). Бу, ўз навбатида, ҳар икки давлат ҳали амалга оширилмаган улкан салоҳиятга эга бўлган, туризм каби муҳим соҳаларни ривожлантиришга яхши туртки бериши мумкин. 

Тарихнинг ўзи ва география Ўзбекистон ҳамда Тожикистоннинг дам олиш ва саёҳат соҳасида яқин ҳамкорликка эҳтиёжи борлигини назарда тутади. Тарихан бу ҳудудлар орқали Буюк Ипак йўли ўтган. Афсонавий шаҳарларда ҳаёт қайнаган, қурилиш, савдо ва ҳунармандчилик ривожланган, илм-фан юқори даражада бўлган. Товарлар ва хизматлар фаол равишда алмашилган, ўзаро бойиш кузатилган, ҳаттоки шуни айтиш мумкинки, ўзбек ва тожик маданияти ўзаро боғланган.
 
Бугунги кунда сайёҳлик соҳаси орқали тарихий алоқаларни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш учун имкониятлар яратилмоқда. Икки давлат ҳамкорлик кўприкларини қурмоқда, чегарадан кесиб ўтиш режимини енгиллаштириш учун фаол ҳаракат қилмоқда. Бу йўналишда иккала мамлакатда яқин келажакда қиладиган ишлар етарли. Бу, биринчи навбатда, туризм соҳасида ҳамкорлик қилиши бўйича норматив-ҳуқуқий база, уни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш лозим. 2017 йилда Тошкент ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри парвозларнинг қайта тикланиши бу масала бўйича биринчи «қалдирғоч» бўлди.

Алоқаларни кенгайтиришга бизнес-субъектлар ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда: яқинда икки мамлакатнинг сайёҳлик операторлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Dream Star Group, Sogdians Travel, Golden Trip компаниялари Jahon Gard Visa Center Tajikinturservis ҳамда Canon Holding LLC’га ҳамкор бўлди. Томонлар миллий сайёҳлик брендлари шакллантиришни ва халқаро бозорларда Буюк ипак йўли бўйлаб трансчегаравий йўналишни биргаликда тарғиб қилишни режалаштирмоқдалар.

Икки мамлакат сайёҳлик салоҳиятига оид мунтазам ахборот алмашиш Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси ҳузуридаги Миллий туризм маҳсулотини илгари суриш маркази ва Тожикистоннинг Orient-Adventour, Sky-Tour ҳамда Rohat-Tour туроператорлари ўртасида имзоланган келишувни назарда тутади. Янги шартномаларни тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, натижалар тез орада аниқланади.

Икки биродар давлатнинг алоқаларни чуқурлаштиришга бўлган ўзаро интилиши ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Давлат божхона қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотлар бу фикрни тасдиқлайди. Хусусан, 2017 йил якунларига кўра, Тожикистоннинг 10 015 нафар фуқароси сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга кириб келди, бу 2016 йилга нисбатан икки баравар юқори. Ва бу чегара эмас: 2018 йил икки мамлакат фуқароларининг ўзаро сафарлари нуқтаи назаридан янада бой бўлиши кутилмоқда.

Умуман олганда, экспертларнинг фикрича, сайёҳлар алмашинувидан икки томон фақат ютади: трансчегаравий ҳамкорлик кенгаяди, бу чегараолди туманларини иқтисодий жиҳатдан яхшилашга, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, товарлар ва хизматларни ташқи бозорларга ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга олиб келади.

Мавзуга оид