Жаҳон | 12:11 / 02.03.2018
6162
2 дақиқада ўқилади

Дубай ҳукумати шаҳардаги барчадан ДНК намуналарини олади

Фото: Khaleej Times

Дубай ҳукумати шаҳар аҳолиси соғлиғини узоқ муддат давомида яхшилаш бўйича лойиҳани амалга оширади. Бунда Дубайда яшовчи уч миллион кишининг ДНК намуналарини олиш ва геномлар маълумот базасини шакллантириш режалаштирилган.

Ташаббус яқин 10 йил ичида стандартга айланиши тахмин қилинаётган технологияни тезроқ татбиқ этишга йўналтирилган Dubai 10X лойиҳаси бир қисмига айланди.

Дубай соғлиқ ассоциацияси генетик тадқиқотлар жараёнида инқилоб қилмоқчи. Олимлар геномлар маълумотини таҳлил қилувчи ва уларни қандайдир касалликдан азият чеккан ёки вирусни юқтириб олганлар билан солиштирувчи сунъий идрокдан фойдаланишади. Маълумотлар бир-бирига мос келганида, беморга то соғлиқ билан муаммолар пайдо бўлгунга қадар ёрдам кўрсатиш мўлжалланган. Таъкидланишича, дастур ҳаттоки Бирлашган Араб Амирликлари фуқароси бўлмаганларга ҳам алоқадор бўлади.

Сўнгги босқичда лойиҳа Дубайни геном тиббиёти етакчисига айланитириши керак: шаҳар фармацевтика компаниялари билан генетик касалликларни даволаш ва хасталикларнинг олдини олиш учун ҳамкорликни йўлга қўймоқчи, шу тариқа хатар гуруҳидаги одамлар ҳаёт тарзига ҳам таъсир кўрсатилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичи яқин икки йил ичида бошланади. Шу вақт давомида шаҳарда ДНК намуналари йиғилади ва лаборатория қурилади. Бу маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи қандай ҳал этилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид