Жаҳон | 21:23 / 02.03.2018
25146
2 дақиқада ўқилади

НАТО Путиннинг альянс ҳақидаги сўзларига изоҳ берди

Фото: EPA

НАТО Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал йиғинга мурожаатига изоҳ берди ва альянс номига таҳдидларни номақбул ва бесамар деб атади. Альянсда таъкидланишича, НАТОнинг ракеталарга қарши мудофаа тизими Россияга қарши қаратилган эмас. Бу ҳақда альянс расмий вакили Оана Лунгеску айтиб ўтди.

1 март куни Путин парламентга мурожаатида Россия ихтиёрида бўлган янги стратегик қуроллар ҳақида маълумот берди. Путин ушбу қуроллар АҚШнинг ракеталарга қарши мудофаа тизими ва НАТОнинг шарққа кенгайтирилишини самарасиз қилишини айтган.  

“Биз президент Путиннинг 1 март кунидаги мурожаати билан танишдик. Россиянинг нишон сифатида НАТО бўйича иттифоқдошларни танлаш баёноти номақбул ва бесамардир. Биз альянснинг ракеталарга қарши мудофааси Россияга қарши лойиҳаланмагани ва қаратилмаганини бир неча марта тушунтирганмиз. Бизнинг тизим евроатлантик ҳудуд ташқарисидан отилган баллистик ракеталардан ҳимоялайди”, деб айтган Лунгеску.

Лунгескунинг таъкидлашича, НАТО “совуқ уруш ва қуролланиш пойгаси такрорланишини истамайди”.

Аввалроқ Москвада Россия қуролланиш пойгасига кирмоқчимаслиги ва унинг янги қуроли унга ҳужум қилишни истамайдиганларга хавф солмаслиги айтилган.

Мавзуга оид