Ўзбекистон | 22:33 / 02.03.2018
20710
4 дақиқада ўқилади

Судда Қўқондаги бозор тақдири «сценарий асосида ҳал қилиниши» айтилди

Ангрен шаҳар суди. Фото: Uza

1 март куни Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида Қўқондаги «Истиқлол» савдо комплекси юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёнлари давом эттирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Мазкур жиноят иши Раҳмат Сулаймонов ва Рустам Сулаймоновларга нисбатан тергов қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисм «а» ва «г» бандлари (туҳмат), 165-моддаси 3-қисм «а» банди (товламачилик) ҳамда 168-модда 3-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан айблов эълон қилинган.

Мавзуга доир: ​Қўқон бозорининг эгаси ким? Суд иши бошланди

Дастлаб суд мажлисига гувоҳ сифатида чақирилган, жабрланувчи Алишер Сулаймоновнинг қариндоши 64 ёшли Аббосхон Сулаймонов кўрсатмалари тингланди.

«​Алишернинг дадаси сотиб олган ер, қурилиши тугалланмаган бино, ташландиқ ахлатхона эди. Қисқа муддатдан сўнг, Аваз (А.Сулаймоновнинг отаси - таҳр.) қамалиб қолди. Аслида ўша сотиб олинган ерда норасмий савдо бозори фаолият юритиб келган. Алишернинг отаси судлангач, мен ўзим барчасига бош-қош бўлдим: бозорда қурилиш, тозалаш ишларини бошладим. Шу орада Қўқон ҳокимияти ерни давлат захирасига қайтариб олишга бир неча марта ҳаракат қилди.

Очиғи, жуда кўп ҳаракатлар бўлди. Кўп марта судларда ютиб чиқавердик. Бозорни замонавийлаштириш, солиқдан келиб чиққан қарздорликни ёпиш учун йирик маблағ талаб этиларди, бу пул менда йўқ, Алишерда ҳам йўқ. Шу орада набирам (Алишер Сулаймоновни назарда тутмоқда - таҳр.) олдимга дод солиб келди: Ғаниев Раҳмат ундан 100 минг доллар талаб қилиб, туҳмат қилаётганини айтди. Гўёки, Ғаниев 100 минг берганман, деб туҳмат қилди дегани бўйича барча ёзув-чизувга қарашдим, жуда кўп жойга арз қилдик. Натижа бўлмади!

Бозор ишларини Алишер мустақил эплай олмасди, шунинг учун харидор қидириб, кўп одамга мурожаат этавердик, ҳеч ким унамасди. Қариндошимиз Раҳмат Сулаймоновга маслаҳат солдим, у ҳам ўзимнинг болам. Бадавлат тадбиркор, қўлида 500 киши ишлайди. Аввалига, Раҳмат таклифга кўнмади, кейинроқ, Алишернинг онаси Мадина ва Раҳмат Сулаймоновлар ўзаро келишиб олишибди. Мен аралашмадим. Батафсил қизиқиш билдирсам, аввал сарфлаган пулларини талаб қиляпти, демасин. Аммо, Алишер Ғаниевдан 100 минг АҚШ доллари олмаган, 4,200 АҚШ доллари берганда тилхат ёздириб олган киши, бу гал индамай пулни тутқазиб юборибдими? Алишер қўлида пул бўлса, машина олмайдими? Сарфламайдими?

Орадан қанчадир муддат ўтиб, Алишер билан Ғаниев Раҳмат бир бўлиб, пластинка тескари айлана бошлади. Рустам нега судланяпти ҳалигача тушунмаяпман»​, дейди у.

Буни ўқинг: «Қўқон бозори» можароси. Судда жабрланувчининг кўрсатуви эшитилди

Аббосхон Сулаймонов айтишича, мазкур иш ортида ҳасад ва нафс турибди. Бу вақтгача масала оила даврасида тезда ҳал бўлиши мумкин эди.

«Алишернинг дадасини ким қаматганини биламан, балки Аваз ўзи ҳам билар, аммо Алишер бундан бехабар. Ҳозир бу маълумотларни ошкор этолмайман, ҳали вақти келмади. Замон кўтармайди! Аслида шу тортишув ва судлашувлар ортида бир масалалар турибди: нафс. Ерни тортиб олиш, ҳатто Алишерга ҳам тегмайди бу бозор. Бу барчаси сценарий: ака-укалар қамалиб, айби тасдиқланиши керак. Шунда бозор бошқасига қолади», дейди кекса Сулаймонов.

Суд ўз ишини давом эттирмоқда.

Мавзуга оид