Жаҳон | 21:40 / 04.03.2018
23990
2 дақиқада ўқилади

Путин АҚШга сайловларга аралашишда айбланганлар берилмаслигини айтди

Фото: РИА Новости / Максим Блинов

Россия АҚШдаги 2016 йилги президент сайловларига аралашишда айбланган ўз фуқароларини АҚШга бермайди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин NBC телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

“Ҳеч қачон. Россия АҚШ каби ҳеч қачон ўз фуқароларини кимгадир топширмайди”, деб айтган Путин. 

Путиннинг айтишича, айбланганлар Россия ҳукуматини тақдим қилмаганлар. “Улар айнан нима қилишганидан умуман бехабарман”, деб айтган Путин.

Путин америкалик ҳамкасбларини “матбуот билан гаплашиш” ўрнига ушбу айбловга тегишли материалларни жўнатишга чақирган. “Биз буни кўриб чиқишга ва бу ҳақда гаплашишга тайёрмиз”, деб айтган Путин.

АҚШнинг махсус прокурори Роберт Мюллернинг офиси Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашуви ишини тергов қилмоқда. Февралда идора ушбу ишда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан айблов хулосасини чоп этган. 

9 ой давомида тайёрланган бу ҳужжат 40 га яқин саҳифага эга. Унда 13 россиялик исми эслаб ўтилган. Махсус прокурор маълумотларига кўра, ушбу россияликларнинг барчаси АҚШ президенти сайловлари натижаларига таъсир қилмоқчи бўлишган, бироқ бунинг уддасидан чиқишмаган.

Мавзуга оид