Жамият | 14:52 / 06.03.2018
26587
4 дақиқада ўқилади

Юнусобод тумани ҳокимлиги KUN.UZ сайтида эълон қилинган мақолага ўз муносабатини билдирди

KUN.UZ сайтида “Уйи бўлиб уйсиз қолган жабрдийданинг бошидан кечирганлари” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Юнусобод тумани, “Биллур” МФЙ, 4-мавзе, 34-уй, 46-хонадонда яшаб келган Тўлқин Ҳасанов оиласи билан истиқомат қилиб келаётган хонадондан кўчишга мажбур бўлганини таъкидлаб, ушбу муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишни сўраган эди.

Фото: Ф.Эсонбоев/Kun.uz

Юнусобод тумани ҳокимлиги юристи Ф.Эсонбоев таклифига кўра, мазкур мақолага ҳокимлик муносабати ва раддияси билан танишиш мақсадида мухбиримиз туман ҳокимлигига борди.

Фарход Эсонбоевнинг маълум қилишича, мақолада ёзилганидек, ушбу фуқаро Юнусобод тумани 4-мавзе, 34-уй, 46-хонадонда ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаб келган. Туман ҳокимлиги ҳузурида тузилган Ишчи гуруҳга тақдим этилган ва “Биллур” МФЙ раиси А.Раҳматов, участка нозири, ширкат раиси, уй бошлиғи ва бошқалар томонидан имзоланган далолатнома ҳам буни тасдиқлайди. Унга биноан, Т.Ҳасановнинг мазкур хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи юридик кучга эга бўлган ҳужжати мавжуд бўлмаган. 

Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 июндаги “Эгасиз турар жойларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш ва давлат мулкига ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 1157-моддасига асосан Юнусобод тумани ҳокимининг 2017 йил 3 январдаги №02-ф сонли фармойиши чиқарилган. Ушбу фармойишга тақдим этилган илова асосида ушбу хонадон ҳам давлат мулкига ўтказилган. 

Фото: Тўлқин Ҳасанов/Kun.uz

2017 йил 6 апрелда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди, очиқ суд мажлисида Юнусобод тумани 4-мавзе,34-уй, 46-хонадонда ноқонуний яшаб келаётган Т.Ҳасанов ва унинг оила аъзолари уй-жой бермасдан кўчирилишига доир қарорини чиқарган. Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 10 апрелдаги №394-сонли қарори билан хонадон Тошкент шаҳар ИИББ номига давлат рўйхатидан ўтказилган. Суд қарори кучга кирганидан сўнг, унинг ижроси барча давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролар учун мажбурийлиги инобатга олинса, ушбу хонадонда яшаб келаётган оиланинг кўчирилиши ҳам ноқонуний эмаслиги ойдинлашади. Қолаверса, хонадон бўйича кейинги даъво аризаларини кўриб чиққан суд ҳайъатлари ҳам илк қарорни тасдиқлашган.

Бундан ташқари, Ф.Эсонбоев Т.Ҳасановга тегишли бўлмаган, ҳатто унинг номига расмийлаштириш учун бирорта асос бўлмаган хонадонни ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг номига расмийлаштира олмаслигини, бунинг учун ваколатга эга эмаслигини таъкидлади ҳамда Ҳасановнинг ўзига нисбатан илгари сурган айбловларини рад этди. Эсонбоевнинг айтишича, у қонун доирасида белгиланган ва бажариши лозим бўлган хизмат вазифаларини бажаргани Ҳасановда норозилик келтириб чиқарган. Айни ҳолат эса, қонун талабини ижро этмасликка асос бўла олмайди.

Шу билан бирга, биз мустақил тарзда туман ҳокимлигининг тегишли мутасадди ходимлари ва ташкилий назорат гуруҳи вакиллари билан суҳбатлашиб, Ф.Эсонбоев ҳақида сўрадик. Улар ҳамкасблари ҳақида илиқ фикрлар билдириб, ижобий хулосалар тақдим қилишди.  

Мавзуга оид