Спорт | 21:50 / 07.03.2018
13234
5 дақиқада ўқилади

Ҳавога совурилган пуллар - «ПСЖ» 5 йил ичида 800 млн евро сарфлади

Беш йил олдин «ПСЖ» Чемпионлар Лигаси чоракфиналига чиққан эди. Шундан буён клуб трансферларга 800 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади. Аммо вазият яхши томонга ўзгармади.

2012/13 мавсуми - 145 млн евро

2012 йил ёзида «ПСЖ» дастлабки катта трансфер компаниясини ўтказди. Карло Анчелотти бош мураббий қилиб тайинланди. Жамоа сафини Ибраҳимович, Тьяго Силва, Верратти ва Лавесси тўлдирди. Ёшлар жамоасидан Адриен Рабьо асосий таркибга қабул қилинди. Қишда Дэвид Бекхэм билан ярим йиллик шартнома имзоланди. Умумий трансфер харажатлари 145 миллион еврони ташкил қилди. Жамоа Чемпионлар Лигаси чоракфиналигача етиб бориб, «Барселона» билан икки марта дуранг ўйнаб, сафарда урилган гол қоидасига кўра мусобақани тарк этди. Мавсум охирида Анчелоттининг жавоби берилди. Орадан 5 йил ўтган бўлса-да, «ПСЖ» учун Чемпионлар Лигаси чоракфинали энг юқори марра бўлиб қолмоқда.

2013/14 мавсуми - 136 млн евро

Жамоага Эдинсон Кавани, Маркиньос ва Люка Динь келди. Ёшлар жамоасидан Кингсли Коман асосий таркибга ўтказилди. Лоран Блан янги бош мураббий бўлди. Унинг қўл остида «ПСЖ» чемпионат ва Лига кубогида зафар қучди. Чемпионлар Лигасида чоракфиналгача етиб борди ва «Челси»ни ўз уйида 3:1 ҳисобида енгиб, сафарда 0:2 ҳисобида ютқазди.

2014/15 мавсуми - 50 млн евро

«ПСЖ» молиявий фэйр-плей қоидаларини бузган деб топилди. Жамоанинг харажатлари чекланди, еврокубоклар учун тақдим қиладиган футболчилар рўйхати қисқартирилди. Натижада, 50 миллион евро эвазига фақат Давид Луиз харид қилинди холос. Жамоа чемпионат ва Кубокда зафар қучди. Чемпионлар Лигасида чоракфиналгача етиб бориб, икки марта «Барселона»га ютқазди.

2015/16 мавсуми - 116 млн евро

УЕФА томонидан янги суриштирув ишлари бошланганига қарамай, «ПСЖ» бир неча футболчи учун пул топа олди. Жамоа сафини Ди Мария, Кюрзава, Орье ва Трапп тўлдирди. «ПСЖ» ички мусобақаларнинг барчасида - чемпионат, Кубок ва лига Кубогида зафар қучди. Чемпионлар Лигаси чоракфиналида Мануэль Пеллегрини қўл остидаги «Манчестер Сити» тўсиғидан ўтолмади - дуранг ва мағлубият.

2016/17 мавсуми - 139 млн евро

Янги бош мураббий Унаи Эмери учун кучли трансфер кампанияси ўтказилди. Жамоага Юлиан Дракслер, Гонсало Гуедеш, Гжегож Криховяк, Хесе, Жовани Ло Чельсо, Бен-Арфа ва Тома Мёнье келди. Бироқ, янги футболчиларнинг ҳаммаси ҳам жамоа таркибида ўйнаб кетолмади. Гуедеш қишда ижарага кетди, Хесе, Криховяк ва Бен-Арфа захира ўриндиғига михланиб қолди. 

«ПСЖ» Франция чемпионатида кутилмаганда «Монако»га имкониятни бой берди, аммо ҳар иккала кубокни ҳам қўлга киритди. Чемпионлар Лигаси нимчоракфиналида эса яна «Барселона» тўсиғидан ўтолмади. Дастлабки ўйиндаги 4:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг, сафарда 1:6 ҳисобида ютқазиб, шарманда бўлди.

2017/18 мавсуми - 238 млн евро

Бу аниқ рақамлар эмас. «ПСЖ» 180 млн евро турадиган Мбаппе учун ҳеч нарса тўламади. Агар унинг трансферини ҳисобга оладиган бўлсак, умумий харажатлар 418 млн еврони ташкил қилди.

Неймарнинг трансфери орқали бозор «портлатилди». Бу футболчиларнинг хариди айнан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш учун қилинган эди. Айни пайтда «ПСЖ» чемпионатда катта фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Чемпионлар Лигаси нимчоракфиналида эса мавсумни яхши ўтказолмаётган «Реал» тўсиғидан ўтолмади.

Умумий харажатлар - 859 млн евро

«ПСЖ» футболчиларнинг трансферига жами 859 млн евро сарфлади. Аммо Европада юқори натижаларга эришолмади.

Маркиньос, Давид Луис, Ди Мария, Дракслер, Кавани, Неймар, Мбаппе – бу футболчиларнинг барчаси 5 йил олдинги натижани яхшилай олмади. Ўшанда Анчелотти қўл остида ўйнаган Лавесси, Матюиди, Максвелл, Мамаду Сако ва Златан Ибраҳимович эришган ютуқлар янгиланмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид