Энрике автобус қўйишдан тортинмади
«Бавария» – «ПСЖ» 1:1
Гол: Дембеле, 3 (0:1). Кейн, 90+4 (1:1)
«Бавария»: Нойер, Упамекано (Карл, 85), Та (Ким Мин Жэ, 68), Станишич (Дэйвис, 68), Лаймер, Киммиҳ, Павлович, Мусиала (Жексон, 79), Диас, Олисе, Кейн
«ПСЖ»: Сафонов, Маркиниос, Пачо, Нуну Мендеш (Маюлу, 85), Заир-Эмери, Витиня, Жоау Невеш, Руис (Бералдо, 76), Кварацхелия, Дуэ (Эрнандез, 76), Дембеле (Барколя, 65)
Огоҳлантиришлар: Та, 33. Диас, 78. Киммиҳ, 90 – Нуну Мендеш, 8. Кварацхелия, 45. Маркиниос, 86
Биринчи ўйин: 4:5
«Бавария» ва «ПСЖ» Парижда кечган биринчи баҳсда мавсумнинг энг яхши ўйинини ўтказиб беришганди, мухлислар эса икки ҳафта ўтиб ўша ўйиннинг такрорини кутишди. Ўйиндан олдин парижликлар устози Луис Энрике жамоаси ҳисобдаги устунликка қарамай, ғалаба учун ўйнашини айтди, аммо у амалда шу куни ҳимоявий ўйин танлади.
Учинчи дақиқадаёқ меҳмонлар ҳисобни очгани бунда янада қўл келди. «ПСЖ» тезкор қарши ҳужум уюштирди, бу вақтда «Бавария» ҳимояси шу қадар юқорида жойлашгандики, майдон марказида Руис билан девор услубида ўйнаб, олдинга ташланган Хвичани ҳеч ким қарши олмади. Кейин эса гуржистонлик вингер жарима майдонида тўп узатиш учун учта бўш шеригидан бирини танлаши кифоя қилди.

Кварацхелия олис устун яқинига етиб келган Дембелега пас беришга қарор қилди. Француз ҳужумчиси эса ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан тўпни бир тегинишда дарвоза тўрига жойлаштирди. Ўтказиб юборилган тезкор голдан кейин «Бавария» икки тўп фарқни йўққа чиқариши керак бўлган вазиятда қолди.
Ва «Бавария»да бунинг учун биринчи бўлимнинг ўзидаёқ етарлича вазиятлар юзага келди. Олисе чап қанотдан жарима майдонига яқинлашиб олис бурчак томон йўллаган зарбага бироз аниқлик етишмади, бироз ўтиб Мусиала ерлатиб тепган тўпни Сафонов тўсиб қолди.
Лекин биринчи бўлимда энг кўп муҳокама қилинган вазиятлар булар эмасди. Ўйин бош ҳаками Жоау Педру Пинейра икки ватандошига қизил карточка ва меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйишни хоҳламади.
Аввалига ўз жамоаси жарима майдони ичида Витиня тўпни қўли билан ўйнади, бу вазиятда унинг қўли табиий ҳолатда эмасди. «Бавария» футболчилари пеналти сўраб ҳакамга ташланишди, аммо у қарорини ўзгартирмади. Катта эҳтимол билан, у бу қарорини тўп дарвоза соҳаси томон бормаётгани билан изоҳлаган, лекин футболчи бу вазиятда эҳтиётсизлик билан қўлини юқорига кўтаргани факт эди.




















