Жамият | 23:35 / 11.03.2018
182244
6 дақиқада ўқилади

«Андижонча фонограмма». Ногиронларга уй бериб, қайтариб олиш томошаси

Ўтган 2017 йил бошида давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган юксак инсоний лойиҳалардан бири — меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган юртдошларимизга имтиёзли тарзда уй-жойларнинг берила бошланганидир. Ушбу хайрли иш бугун республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида амалга оширилмоқда. 

Айтиш керакки, бу каби хайрли иш кўнгли яримларга чексиз қувонч ва бахт ҳадя этиши билан аҳамиятлидир. Президент айнан халқни рози қилишдек улуғ ишни кўнгли ўксик опа-сингилларимиздан, ака-укаларимиздан бошлагани ҳам бежиз эмас. Боиси уларга улашилган қувонч олдимиздаги улкан режаларни амалга оширишда маёқ бўлса ажаб эмас. 

Ёдингизда бўлса, «Kun.uz» сайтида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож 82 нафар фуқарога бошланғич бадаллари тўлаб берилган уй-жой ва Президент совғалари топширилгани ҳақида қувончли хабар эълон қилинган эди. 

Афсуски, энди Андижон вилоятидан хунук бир хабар эшитдик. Хабарга ишонқирамасдан йўлга отландик ва йўл бўйи унинг ёлғон бўлиб чиқишини хоҳладик. Гап шундаки, Андижон вилояти Булоқбоши туманидан 6 нафар уй-жойга муҳтож, ногирон ва меҳнатга лаёқатсиз юртдошларимиз «Президент совғаси» сифатида кўп қаватли уй соҳиблари бўлганди. Бироқ тантанали тадбирда топширилган уйларнинг калити аслида бошқа бировларники бўлиб чиққан. Бу нима, кўзбўямачиликми? Ёки ногиронлар устидан кулишми? Мана шундай изтиробли хаёллар билан Андижон вилоятининг Булоқбоши туманига етиб келдик. Даставвал тақдирланганлар рўйхатда бўлганлардан бири Патидинова Муҳаббат опа хонадонига бордик. 

Патидинова Муҳаббат опа

Гувоҳи бўлганингиздек, Муҳаббат онанинг бу рўйхатда туриши ҳақли, аммо унга уй эмас, унинг калити берилган, холос. Бу ҳолдан унинг оила аъзоларининг ҳам кўнгли чўккан.

Ижодий гуруҳимиз мазкур ҳолатга изоҳ олиш ниятида туман ҳокимлигига йўл олди. Таъкидлаш керакки, Булоқбоши туманига айни пайтда Ўткир Мамуров ҳокимлик қилмоқда. Биз тилга олган муаммо эса аввалги ҳоким — Дониёр Мақсудов даврида чиққан. Туман ҳокимлигида бизни ҳокимлик юристи Тоҳир Мамасиддиқов, ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича муовини Фарҳод Норматов ҳамда туман ҳокими ёрдамчиси Зафар Торашев кутиб олишди. 

Зафар Торашев (чапдан иккинчи), Тоҳир Мамасиддиқов (ўнгдан биринчи)

Улар ижодий гуруҳимизни янги қурилаётган намунали уйлар томон олиб боришди ва ногиронлар учун шу уйлардан жой берилишини маълум қилишди. Бироқ уйлар ҳокимлик вакиллари ваъда қилишаётганидек, кўнгли ярим ногиронларга бериладими? Қурилаётган янги уйларнинг ҳужжатларида ногиронларнинг исм-фамилияси қайд этилганми? Бу саволларимиз афсуски мавҳумлигича қолди. 

Шундан сўнг биз яна туман ҳокимлигига қайтиб келдик. Ваъдага кўра, ногирон юртдошларимизга тантанали тарзда топширилган уйлар кўрсатилиши керак эди. Аммо негадир туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Ирода Сотволдиева бизни туман ҳокимини кутишга чорлади. Қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Фарҳод Норматов эса умуман кўриниш бермади. Тантанали тарзда топширилган кўп қаватли уйларни ўзимиз қидириб йўлга отландик. Совға қилинган хонадонлар жойлашган кўп қаватли уйларни қийинчиликларсиз топиб бордик. 

Фарҳод Норматов (чапда)

Бироздан сўнг ортимиздан туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Ирода Сотволдиева 2 нафар ногиронлиги бўлган шахслар — ўша тантанали оқшомда Президент совғаси соҳиби бўлган кўнгли яримларни бошлаб келди.

Ирода Сотволдиева

Қисқа суҳбатдан сўнг уларга топширилган уйларга кириб кўрдик. Бир хонага жамлаб қўйилган уй жиҳозларини кўздан кечирдик. Шундан барчаси тушунарли бўлди. Маълум бўлишича, Булоқбоши туманидан 5 нафар меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож фуқароларимизга қоғозда уй ва совғалар берилгану, амалда эса манзара саҳналаштирилган бўлиб чиқаяпти. Тадбирда берилган уйларнинг барчасининг бошқа эгалари бор. Айни дамда ногиронларга ваъда қилинаётган намунали уй-жойларнинг эса бирор ҳужжати тақдим этилмади. Бу кўзбўямачиликнинг ўзгинаси эмасми? Президентни алдаш, ёлғон ҳисоботлар билан иш битириш эмасми? Майли, агар уй берилиши кечикиб, қачондир берилар, лекин ногирон юртдошларимизнинг кўнгли ўксимайдими? Байрамда уй бердик, деб эълон қилинса-ю, аслида уй бировники бўлиб чиқса. Шундоқ ҳам ҳаёт ташвишларидан эзилиб турган инсонга яна бир руҳий зарба бўлмайдими? Ҳаётга, инсонларга ишончи сусаймайдими? 

Ногиронлиги бўлган шахслар (ўнгдан биринчи ва иккинчи)

Таъкидлаш керак, меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож фуқаролар рўйхатини шакллантириш, уларга бошланғич бадаллари тўлаб берилган уй-жой ва Президент совғаларининг топширилиши жойларда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раислари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари маъсул қилиб, кўрсатма берилган эди. Наҳотки, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусованинг Булоқбошидаги саҳналаштирилган манзарадан хабари бўлмаса. Ёхуд хабари булган-у, вилоят ҳокимига ўзи маъсуллигидаги бу муаммо ечим топа олмаётганини айтишни лозим топмаганмикан? 

Ушбу масаланинг ягона ечими — ногиронлиги бўлган юртдошларимизга ваъда қилинган уйларнинг берилиши ва вазифасига лоқайдлик билан қараган мутасаддиларга тегишли чоралар кўрилишидан иборат бўлади. Умид қиламизки, Андижон вилоят ҳокимлиги, вилоят раҳбари мазкур муаммога бефарқ бўлмайди.

Таҳририятдан: Мана шу каби кўзбўямачиликка республикамизнинг бошқа гўшаларида ҳам гувоҳ бўлган ёки жабрланган юртдошларимиздан «Kun.uz» таҳририятига мурожаат қилишни сўраб қоламиз. Телефонимиз: +998 (95) 146-23-23

Шуҳрат Шокиржонов, Хуршид Далиев,
Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид