Жаҳон | 10:17 / 14.03.2018
9799
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида эълон қилиш таклиф этилди

Фото: epa/vostock-photo

АҚШ сенатининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси аъзоси, демократ Роберт Менендеснинг маълум қилишича, Россияга қарши кимёвий қурол бўйича санкциялар жорий этиш лозим. Шунингдек унинг билдиришича, ушбу давлатни ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль заҳарланиши туфайли терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида эълон қилиш керак. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

«Трамп маъмурияти Шимолий Кореяни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида эълон қилди, бу Ким Чен Иннинг қариндоши заҳарланганидан сўнг рўй берди. Маъмурият ушбу баёнот Россияга ҳам тегишли мумкин эканини кўриб чиқиши лозим», - дея айтиб ўтди Менендес.

Сиёсатчининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар 1991 йилда кимёвий ва биологик қуролни йўқ қилиш устидан назорат тўғрисида қонунни қабул қилган, унга кўра, шундай қуролдан фойдаланувчи мамлакатларга қарши санкциялар қўллаш керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ америкалик сенатор Жон Маккейн Россия президенти Владимир Путин ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипалга уюштирилган ҳужум учун масъул экани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид