Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент фармонига шарҳда МХХ номи ўзгартирилишига изоҳ берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармонига шарҳ берилди.
Мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида стратегик вазифалар ва энг муҳим ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятини ҳам такомиллаштиришни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатиб берди.
Давлат раҳбари томонидан Конституция ва қонун нормаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тамойилини сўзсиз амалга ошириш, бошқа органларнинг функцияларини бажариш ва такрорлаш ҳолатларига йўл қўймаслик вазифалари қўйилган эди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон хавф-хатар ва таҳдидларга самарали тарзда қарши курашишга қодир махсус хизматнинг замонавий қиёфасини белгилаган ҳолда, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимига асос солди.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати этиб қайта ташкил қилинди. Идоранинг номидан «миллий хавфсизлик» тушунчасининг чиқарилиши унинг ваколатлари асоссиз тарзда кенгайишига шарт-шароит яратган омилларни бартараф этиш зарурати билан боғлиқ. Чунки локал миқёсдаги ҳар қандай муаммо миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилиши мумкин эди. Мазкур ўзгартириш ушбу идоранинг диққат-эътиборини давлат аҳамиятига эга реал таҳдидларга қаратади. «Давлат хавфсизлиги» атамаси хавфсизликни таъминлаш доирасини аниқ белгилайди ва мазкур соҳадаги фаолият йўналишларини ажратиб беради.
Фармон билан Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Биринчидан, мазкур идоранинг мақоми, ваколатлари ва фаолият йўналишларини белгилаган ҳолда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилмоқда. 26 йил олдин қабул қилинган Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги амалдаги низом фаолиятни самарали ташкил этишга имкон бермайди ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз берган муҳим ўзгаришларни акс эттирмайди.
Иккинчидан, бугунги кундаги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишнинг таъсирчан шакллари ҳамда услубларини жорий этиш, шу мақсадда идоранинг самарали ташкилий тузилмасини шакллантириш зарурлиги белгиланди.
Учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этишнинг алоҳида муҳим аҳамияти таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан инсон ҳуқуқлари қонуний кафолатларининг қатъий таъминланишига устувор аҳамият берилади.
Тўртинчидан, кадрларни танлаш ва тайёрлашнинг мутлақо янги тизими ташкил этилади, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади. Мазкур чоралар Давлат хавфсизлик хизматига ҳар томонлама ривожланган ва ватанпарвар ёшларни жалб этишга имкон беради. Шу ўринда идора вакилларининг ҳарбий хизматчи сифатидаги мақоми кўрсатиб ўтилди, мазкур ҳолат уларга нисбатан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ барча чеклов ва мажбуриятлар татбиқ этилишини англатади.
Бешинчидан, Давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини идора ишининг шакллари ва услублари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг идоравий мансублиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишини истисно этадиган конспирация тамойиллари асосида ташкил этиши белгиланди. Бу давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришда мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланишни таъминлайди.
Ўзига хос бўлмаган вазифа ва функцияларни истисно қилиш мақсадида Миллий хавфсизлик хизмати ваколатида бўлган айрим рухсат берувчи ваколатлар 2018 йил 1 апрелдан бошқа идораларга ўтказилади ёки тугатилади.
Фармон билан Давлат хавфсизлик хизматининг байроғи ва эмблемаси намуналари тасдиқланди.
Идоравий рамзларнинг таъсис этилиши ҳарбий хизматчиларнинг жанговор руҳини оширишга ҳамда уларни давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришга сафарбар этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор топшириқлар мавжуд. Шу муносабат билан:
идора фаолиятини ташкил этиш, унинг таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва Давлат чегарасини қўриқлаш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларини ишлаб чиқиш;
2018-2022 йилларда Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари учун арзон уй-жойларни қуриш дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони тарихий аҳамиятга эга бўлиб, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратди.
Давлат раҳбарининг мазкур қарорини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати эмблемаси – геральдик белги тавсифи
Геральдик белги – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати эмблемаси тўқ кўк рангли айлана тасмаси бўлган кумуш ранг доирадан иборат.
Айлана тасманинг юқори қисмида оқ рангли бош ҳарфлар билан лотин алифбосида: «O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI», пастки қисмида: «DAVLAT XAVFSIZLIK XIZMATI» деб ёзилган. Ушбу ёзувлар ҳурлик маъносини англатувчи саккиз қиррали иккита юлдуз билан ажратилган.
Доира марказида давлат ва жамиятни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш рамзини англатувчи, пастки қисми чўзилган, юқори бурчаклари кесилган учбурчак кўринишига эга қалқон тасвирланган. Қалқон юзаси кумуш рангда. Қалқоннинг марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербидан қалқоннинг камбар ҳошияларига қадар қуёш нурларини ифодаловчи тўғри чизиқлар тортилган.
Қалқоннинг кесилган икки юқори ва пастки бурчакларида шахс, жамият ва давлат манфаатлари муҳофазасини англатувчи учта халқа тасвирланган.
Қалқон ортида симметрия ўқи бўйича тиғи пастга йўналтирилган қилич жойлашган. Қилич куч, шаън, адолат, жасорат ва ҳушёрликни англатади.
Қилич кумуш рангда. Қилич дастаги еттита халқадан иборат бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий тамойилларини англатади.
Қалқон ва қилич ортида симметрик равишда икки томонга ҳилпираётган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қалқон ва қилич ортида жойлашуви конституциявий тузум, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва давлат манфаатларининг ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланганлигини англатади.
Мавзуга оид
23:34 / 07.04.2026
Наманган ва Фарғонада мансабдор шахслар пора олаётганида қўлга олинди
09:19 / 14.02.2026
Андижонда 1 млн долларлик “мефедрон” нарколабораторияси фош этилди
09:20 / 05.12.2025
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
19:56 / 15.10.2024