Ўзбекистон | 23:40 / 14.03.2018
14262
6 дақиқада ўқилади

Қирғизистон делегацияси вакиллари Наманганга келишди

Фото: KUN.UZ

Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг расмий делегацияси икки томонлама яқин қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида бугун Наманган вилоятига келди. Бу ҳақда “KUN.UZ” таҳририятининг Намангандаги мухбири хабар берди.

Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Қиянбек Сотиболдиев бошчилигидаги меҳмонлар Косонсой туманидаги “Косонсой-авто” назорат-ўтказиш масканида пунктида карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди. Делегация таркибидан Жалолободдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, саккизта районнинг ҳокимлари, фан-таълим, маданият, санъат ҳамда соғлиқни сақлаш соҳалари ходимлари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ўрин олишган.

Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси Президентларининг саъй-ҳаракатлари билан икки халқлар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ришталари ривож топиб бормоқда. Айниқса, ўтган 2017 йилда бу борада катта ислоҳий ўзгаришлар юз бергани натижасида икки томоннинг узоқдан бери ушалмай келаётган орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар тамомила ижобий томонга ўзгарди. Қирғизистон раҳбари Сооранбой Жээнбеков ҳам президент сифатидаги илк хорижий давлат ташрифини айнан Ўзбекистонга амалга оширгани ҳам фикримиздан ёрқин далолат.

Меҳмонлар ташриф аввалида Наманган шаҳридаги “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гуллар қўйишди. Шундан сўнг, делегация аъзолари “Ёшлар маркази” конференциялар залида ташкил этилган замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган саноат, қурилиш, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, бизнес вакиллари билан мулоқотда бўлдилар.

Икки томонлама музокаралар ҳамда тадбиркор ва ишбилармонлари иштирокидаги бизнес форуми қизғин ва амалий руҳда кечди. Форумда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров, Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги ваколатли вакили Қиянбек Сотиболдиев тили ва дили, эътиқоди бир бўлган икки халқнинг ҳамкорлик ришталари икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ҳамфикрлиги ва муштарак интилишлари туфайли янада мустаҳкамланаётгани айтиб ўтишди.

Наманган вилоятининг инвестиция салоҳиятига доир тақдимотида Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркорлариининг тўқимачилик, чарм пойабзал, фармацевтика, қурилиш саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик, туризм, соғлиқни сақлаш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари катта экани келтирилди. Қайд этилганидек, 2016 йилда Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги товар айланмаси 5 миллион 200 минг долларни ташкил қилган бўлса, ўтган 2017 йилда мазкур кўрсаткич 10 миллион 600 минг долларга етди.

Меҳмонлар Наманган шаҳридаги “Дўстлик уйи”да яратилган шарт-шароитлар ва ташриф шарафига ташкилланган байрамона тус олган маданий тадбирларга юқори баҳо бердилар. Ўтган йилнинг декабрь ойида капитал реконструкция қилиниб, вилоятдаги корейс, рус, тожик ва қирғиз миллий маданий марказлари ихтиёрига топширилган икки қаватли замонавий бинода бошқа миллатга мансуб юртдошларимизни бир оила атрофида дўст ва иноқ бўлиб, фаолият юритишлари таъминланган.

Мафиратхон Истамқулова, Наманган вилояти қирғиз миллий-маданий маркази раиси, Меҳнат шуҳрати ордени соҳиби:

 - Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни, қавму қариндош сифатида аҳил ва иноқ яшаб келган. Бизни азал-азалдан бой дўстона қадриятлар чамбарчас боғлаб туради. Тарихи, урф-одат ва анъаналари, маданиятимиз муштарак бўлган икки қардош халқ бир ариқдан сув ичади.

 Эътироф этиш жоиз, ўзаро давлат ташрифлари чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қирғизистон – бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши мумкин эмас. Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик” деган фикрлари ёки Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбой Жээнбековнинг “Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз” деган эътирофларида икки қардош халқнинг хоҳиш-иродаси мужассам бўлди.

Бугунги кунда 2 миллион 700 минг аҳолига эга бўлган вилоятимизда 22 минг 300 нафардан зиёд қирғиз миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилмоқда. 1 миллиондан зиёд кишига тенг Жалолобод вилояти аҳлининг 27 фоизи ўзбекларга тўғри келади. Бу ҳам ўз навбатида халқларимиз ўртасидаги ришталар мустаҳкам эканидан далолат.

Турдали Темирбаев, Жалолобод шаҳри мэри:

– Шукурким, бугун Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар нафақат Марказий Осиё, балки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари учун андоза бўла оляпти, десак асло муболаға эмас. Боиси, икки томонлама алоқалар нуқтаи назаридан 26 йилда бажарилмаган ишлар бир йил ичида фазовий тезликда амалга оширилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига эришилди. Бунинг ёрқин исботида сифатида ўзбекистонлик қардошлар билан Наманганда ҳам дўстона, ҳам ҳамкорлик борасида амалий мулоқотлар олиб бордик.

Бизни чегарада минглаб маҳаллий ўзбек ва қирғиз дўстларимиз меҳмондорчилик анъаналарига содиқ ҳолда байрамона кутиб олишганидан дилларимиз чинакамига шодликка тўлди. Ҳар бир мулоқотимиз расмиятчиликдан ҳоли ва энг муҳими самимий тарзда ўтмоқда.

Бугун ўтказилган ташрифнинг дастлабки кунида қирғиз делегацияси аъзолари шунингдек, Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган “Исҳоқхон Тўра Ибрат” ёдгорлик мажмуаси, боғдорчилик йўналишидаги “Gold Fresh fruts” хусусий корхонаси, Наманган туманидаги “Мусаффо иқлим транс сервис” чорвачилик ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган фермер хўжалиги ҳамда паррандачиликка ихтисослашган “Golden egg of Namangan” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ўзаро фикр ва таклифлар алмашилди.

Жалолобод делегациясининг Наманган вилоятидаги ташрифи давом этмоқда.

Оқилхон ДАДАБОЕВ

Мавзуга оид