Ўзбекистон | 13:03 / 16.03.2018
17422
2 дақиқада ўқилади

Вилоят ҳокими аҳоли билан тўйларни ихчамлаштириш борасида суҳбатлашди: амалий ишлар кўзга ташланмоқда

Фото: KUN.UZ

Бугунги кунда ўзбек миллий урф-одатига мувофиқ ўтадиган оилавий тадбирларни ихчам ва тартибли ўтказиш, уларнинг тарбиявий аҳамиятини ошириш долзарб масала ҳисобланади.

Афсуски, кейинги пайтда оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, атрофда яшаётган одамларнинг хол-аҳволини ҳисобга олмаслик, ўзбек халқининг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмокда.

Энг ачинарлиси шундаки, бундай хўжакўрсин амаллар ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг бугунги замон талаблари асосида билим олиш, етук мутахассис бўлиб етишиш йўлидаги интилишларини сусайтирмокда. Ёшларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат, енгил-елпи ҳаёт, дабдабабозлик каби иллатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев вилоятнинг Чироқчи тумани, Чиял ҳудудида 9 та маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, имом-хатиблар, 21 та мактабнинг фаоллари, 16 та қишлоқ оқсоқоллари, ҳожи ота ва оналар билан тўй ва маросимларни ихчам тарзда ўтказиш бўйича мулоқот ўтказди. Мавзу юзасидан ҳар томонлама фикр юритилди, бу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу ҳудудда 71 минг аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги тадбиркор Ҳайдаров Баҳром ўзига тегишли тўйхонани ногирон ва кам таъминланган фуқароларни иш билан таъминлаш учун 100 кишилик тикув цехига айлантириш ташаббуси билан чиқди.

Вилоятнинг Ғузор ва Яккабоғ туманларида фаолият юритувчи тадбиркорлар ўзларига тегишли тўйхонани хусусий мактабгача таълим муассасалари сифатида қайта ташкил этиш ишларини бошлади.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид