Жамият | 21:20 / 20.03.2018
14827
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари билан ҳамкорликда «Уч қаҳрамон» ЙПХ пости яқинида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1989 йилда туғилган фуқаро Ф.Е бошқарувидаги «Газ» русумли юк автоуловини холислар иштирокида кўздан кечиришганда, мазкур юк машинаси юкхонасида 1995 йилда туғилган фуқаро Ё.Қ томонидан жами нархи 33,6 млн. сўмлик 14 дона турли русумдаги музлаткичлар ноқонуний равишда олиб кетилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар берган.

М. исмли аёлнинг кўрсатмасига асосан олиб кетилаётган ушбу маҳсулотлар хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган бўлиб, ушбу маиший техникалар «Ғишткўприк» чегара божхона комплекси орқали ташмачилар кўмагидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида қайта сотиш мақсадида олиб кирилгани маълум бўлди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари шунга ўхшаш яна бир ҳолатда 1992 йилда туғилган фуқаро Б.А бошқарувидаги «Isuzu» русумли юк автоуловини «Уч Қаҳрамон» ЙПХ масканига қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўхтатиб, холислар иштирокида кўздан кечиришганда, 1992 йилда туғилган фуқаро О.Т. томонидан мазкур юк машинаси юкхонасида унинг А. исмли танишининг кўрсатмаси бўйича олиб кетилаётган, хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган жами нархи 53 040 000 сўмлик 1326 дона (6630 литр) «Сергиевское» номли ўсимлик ёғи борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид