Жамият | 16:30 / 22.03.2018
126311
5 дақиқада ўқилади

Бемор қизнинг умидини ўғирлаган йигитлар: бир жиноят изидан

Ўғирлик дунёдаги энг қабиҳ жиноятдир. Негаки, ўғри ўзганинг мол-мулки ё ризқидан ташқари, жабрдийданинг ишончини, ҳаётга қизиқиши ва умидларини ҳам олиб кетади.

KUN.UZ таҳририяти томонидан ўтказилаётган хайрия акцияларида ғайриқонуний ҳаракатларни амалга оширмоқчи бўлган шахс ҳам ана шундай оғир жиноятга қўл урди.

Таҳририятга мия фаолиятидаги нуқсондан азият чекиб, яхшилар кўмагига муҳтож эканини билдирган Бахтинисо Маҳмудова ноодатий фирибгарлик қурбонига айланди. Адабиёт ва шеъриятга бўлган муҳаббати туфайли, Бахтинисо кўплаб танловларда ғолиб бўлган. Мукофот пулларини ҳам мисқоллаб йиғиб, даволаниши, яъни юролмай қолган оёқларини операциясига тўлаш учун тўплаётганди. Гарчи умид ва истак юксак бўлсада, Бахтинисо яхшилар кўмагига муҳтож эканини билдириб, халққа мурожаат қилди.

Бироқ 1990 йилда Фарғона вилоятида туғилган фуқаро А.Д. хайрия акциясини кўриб, ўзича ўғирликнинг услубини ўйлаб топган бўлди. У Бахтинисонинг ишончига кириб, гўёки, беморнинг банк пластик карта ҳисобига хайрия пулларини ўтказмоқчи экани, бунинг учун пластик карта уланган телефон рақамга махфий рақам юборилганини айтади. Барча умидни мана шу хайрия акциясига боғлаган қиз махфий рақамни А.Д.га билдиради.

1990 йилда Фарғона вилоятида туғилган фуқаро А.Д. 

Шундан сўнг, Фарғона Геофизика экспедициясининг 3Д-партияси ишчиси А.Д. махфий рақамни киритиш орқали «OSON» мобил иловаси ёрдамида Маҳмудовага тегишли банк пластик картасига тўлиқ эгалик қилиш имкониятини қўлга киритди. У ҳисоб рақамда мавжуд бўлган 2,300,000 сўм маблағ бошқа пластик картага ўтказиб, пулларни интернет орқали ўйналадиган қиморга сарфлаган.

Ўйлаб кўринг, ўғри пулларни ўз эҳтиёжи учун сарфлаган, деб мавзуга нуқта қўймоқчи эмасман: у нопок йўл билан топилган маблағни тотализаторга тикиб, ютқазиб қўйган.

«Мазкур иш юзасидан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, унга нисбатан ЖК 168-моддаси 1 қисмида назарда тутилган», дейди Юнусобод туман ИИБ катта суриштирувчиси Мирзоҳид Мўминов.

Юнусобод туман ИИБ катта суриштирувчиси Мирзоҳид Мўминов

Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ Жиноят-қидирув бўлинмаси тезкор вакили, капитан Алишер Соҳибовнинг маълум қилишича, Бахтинисо Маҳмудовага нисбатан худди шу каби фирибгарлик бошқа шахс томонидан ҳам содир этилган.

«1996 йилда туғилган Бухоро вилояти, Қоровулбозор туманида истиқомат қилувчи С.И. фуқаро Маҳмудованинг ишончига кириб, масофадан туриб унга тегишли бўлган банк пластик карта бошқарувини қўлга киритади. Шу орқали карта ҳисоб рақамидаги 70 минг сўмни ўзлаштиради. Тезкор қидирув ҳаракатлари давомида гумондор шахс билан алоқа ўрнатилди. Шунингдек, Маҳмудовага етказилган моддий зарар ўз вақтида қопланди», - дейди тезкор вакил Соҳибов.

Ўғрилик қилиб, ёш йигитлар нимага эришди? Саволга жавоб бериш уларнинг виждонига ҳавола. Бироқ, масаланинг иккинчи томони борки, кишини ўйлантириб қўяди: мобил банкинг иловалари орқали банк пластик картасидаги пулларни ўмариш шунчалар осонми?

«Бизнинг тизимимиз халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Ҳар бир тўлов ўта юқори хавфсизлик тўсиқларидан ўтиб, амалга оширилади. Бу ерда фақат инсоний омил қоляпти, яъни пластик карта эгаси бошқаларга картани ёки илова ўрнатилган уяли алоқа воситасини очиқ ҳолатда, махфий рақамларни айтиб бериб юбориши мумкин», деб фикр билдирди “Клик” компанияси вакили Бобур Назарзода.

“Клик” компанияси вакили Бобур Назарзода

Демак, мутахассислар махфий рақам ва пластик картани нотаниш қўлга очиқ-ойдин топширмасликни билдирмоқда. 

Пайдо бўлган қулайлик ва шароитлардан унумли фойдаланиш, турли фирибгарликка дуч келмаслик учун, иқтисодий маданиятимизни ривожлантиришимиз зарур.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

Мавзуга оид