Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Водийнинг 3 вилоятида 3 хил нарх. Метангаз «заправка»ларидаги нархни ким назорат қилади?

Ҳозирги пайтда ҳаракатланиш учун энг қулай восита бу – автомобиль. Бугунги жамиятни автомобилларсиз тасаввур қилиб бўлмаса керак. Хоҳ шахсий, хоҳ жамоат транспорти бўлсин, йўлимизни яқин қилиб турибди.
Табиийки, машина дегани ёқилғисиз жойидан жилмайди. Кўчаларимизда худди чумолидек ҳаракатланаётган юз минглаб транспорт воситалари кунига жуда катта ҳажмдаги метан газ, бензин, дизель ёқилғиси ва пропан газ ишлатади.
Қиш мавсумида ёқилғи танқислиги, айниқса газ қуйиш шохобчаларидаги турнақатор навбатлар ҳақида кўп бора бонг урдик. Мақолаларимиз баъзида самара келтириб, инсонларга нафи теккани ҳам бор гап. Мазкур мақолада эса, метан газ ёқилғиси билан боғлиқ бошқа муаммога тўхталамиз.
«Водийларни уловда кезганда...»
Ёши улуғларимиз бежиз «Юрган дарё...» демайдилар. Водийнинг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятини айланиб, кўринишидан оддий, лекин ҳайдовчиларни таажжубга соладиган ҳодисага гувоҳ бўлдик. Машинада борар экансиз, ҳар ўн-ўн беш километрда бир ёқилғи қуйиш шохобчасига дуч келасиз.

Ҳозирги пайтда йўлларимизда ҳаракатланаётган автомашиналарнинг катта қисми метан газ билан юради. Катта йўл бўйларидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида эса турли нархларни кўрасиз. Қуйидаги таҳлил фақат метан газ нархи билан боғлиқ. Бензин ва пропан газ ёқилғиси нархи алоҳида мавзу.


Хусусан, Наманган шаҳри ва шаҳарга яқин жойлардаги, халқ тили билан айтганда «бир литр», яъни 1м³ метан газ нархи 1390-1400 сўм нархда қуйилмоқда. Вилоят марказидан узоқлашганингиз сари нарх қимматлашиб боради. Чеккароқ туманларда 1500 сўмгача экан.

Фарғона вилоятида метан газ нархи қимматроқ. Қўқон ва Марғилонда бир хил 1700 сўм. Деярли барча шохобчаларда мана шу нарх.

Метан газ нархи бўйича «улоқ» Андижонда. Вилоят газ «заправка»ларида балонингизни 1700-1800 сўмдан тўлдирасиз.
Уч вилоятда 1 м³ метан газнинг нархи қуйидагича:
Наманган – 1400 сўм (хизмат бепул)
Фарғона - 1700 сўм (хизмат 500 сўм)
Андижон – 1800 сўм (хизмат 500 сўм)

Чапани таҳлил
Сизда: «Нега бир-бирига яқин бўлган вилоятларда метан газ ёқилғиси нархи ҳар-хил?» деган ҳақли савол туғилгани аниқ. Балки, «Ўзтрансгаз» АК томонидан вилоятларнинг газ етказиб бериладиган ҳудуддан узоқ ва яқинлиги ҳисобга олиниб, шохобчаларга хом ашё турли нархда сотилса керак? Афсуски, ундай эмас экан!
Дунёда бировнинг чўнтагидаги даромадни ҳисоблашдан кўра ёмон иш йўқ. Шундай бўлсада, газ баҳосидаги «ўйнаб ётган» нархларни бироз таҳлил қилишга уриндик.
Мен бир оддий журналист бўлсам ҳам ҳар бир тадбиркорлик йўналишидаги соҳани йўлга қўйишнинг ўзига хос, кўп ва хўп қийинчиликлари борлигидан хабардорман.

Маълумотларга кўра ёқилғи қуйиш шохобчаларига таъминотчи томонидан 1м³ метан газ 263 сўм 40 тийин нархда сотилади. «Вой-бу, мунча арзон», деманг! Етказиб берилган газнинг 1м³ (метр куб)и учун 500 сўм инвестиция солиғи ва яна 305 сўм истеъмол солиғи солинади. Бундан ташқари, амалдаги яна бир қатор тўловлар билан 1м³ (метр куб) учун 1168 сўм атрофидаги сумма келиб чиқяпти.
Бу ҳали ҳаммаси эмаслиги аниқ. Компрессорлар жуда катта ҳажмдаги электр энергиясига ишлайди. Ишчилар маоши ҳам бор. Тадбиркор газ қуйиш шохобчаси қуриш учун катта сумма сарфлагани ҳам аниқ. Буни қўйинг, тадбиркор ўз лойиҳасини фойда олиш учун бошлаган.
«Чапани» таҳлилни давом эттирамиз. Биздаги маълумотларга кўра, битта «заправка» бир кунда ўртача 15000 м³ газ сотади. Демак бир ойда 450000 м³. Унинг бир кунлик савдо тушуми агар 1 м³ газ 1800 сўмдан бўлса ўртача 27 млн, бир ойлиги эса ўртача 810 млн сўмни ташкил этади. Электр энергияси учун кунига 1 млн. 300 минг сўмда ҳақ тўлаши ҳақида етказиб берувчилардан маълумотлар олдик. Ўша бир заправканинг бир ойлик даромади тахминан 770 млн сўм атрофида. Сотиб олинган газ учун харажатлар 450000х1168.4 сўм = 525.78 млн.
Мана шу жойда «заправка»чилар «Ускуналарни АҚШ долларига чет элдан фалон пулган олиб келганмиз?!», «Кредитимиз борлигини ўйламайсизларми?» ва ҳоказо мазмундаги эътирозларни билдиришлари аниқ. Балки, соҳанинг етук мутахассислари бор муаммони росмана таҳлил қилиб берар... Бу уларнинг таъбига боғлиқ.
Бизни қизиқтираётган асл муаммо - уч вилоятдаги метан газнинг нархи турли эканлигида.
Бизда уларга қарши «Нега ёнимизда жойлашган Наманганда газ нархи арзон-у, бошқа вилоятларда қиммат?», «Улар нега арзон сотишяпти, бунинг сабабини айтинг!», «Фойда кўрмаса, тадбиркор нархни арзонлаштирадими?» деган қарама-қарши саволларни беришимиз мумкин.
Ўзи аслида метан газ қуйиш шохобчаларидаги нархни назорат қиладиган ташкилот бор-йўқлиги бизни қизиқтиради. «Нима, Наманган вилоятида соғлом рақобат мавжуд. Фарғона ва Андижонда «заправка» эгалари ўзаро келишиб нархни ушлаб туришибдими?»

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, бу мавзу очиқ қолади. Чунки, ёнма-ён ҳудуддаги вилоятларда метан газ нархи бу даражада фарқ қилиши ҳайрон қоладиган ҳолат.
Оддийгина хулоса
Биз юқоридаги таҳлилимиз орқали қайсидир вилоят «заправка» эгаларини инсофсизга чиқаришни ўйламадик. Мақсадимиз, ҳолатга ойдинлик киритиш.
Куни-кеча Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сирдарё томонларда сафарга чиққан дўстимиз: «Ўзимизда машинамни баллонини 30 минг сўмга тўлдирар эдим. Гулистонда 22 минг сўмга тўлди. Сўрасам, уларда метан газ 1400 сўм экан», дейди.
Бугунги кунда ички туризмни ривожлантириш бўйича катта ишлар бошланган. Барчамизга маълум, кишилар зиёратгоҳлар, музейлардан ташқари кўчалари равон, нарх-навоси арзон жойга ошиқади. Водийда ички туризмни ривожлантиришдан олдин, зиёратчилар сони ошиши учун керакли озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотларидан ташқари, ёқилғи ва меҳмонхонлар нархини ҳам кўриб чиқиш лозим.
Водийни уловда кезиб, метан газ нархи бўйича аниқ муаммоли ҳолат гувоҳи бўлдик. Нархларни ўз жойига келтириш, назорат қилиш эса вилоят ҳокимлари ва мутасаддиларнинг вазифаси.
Қани, кутамиз...
KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов,
Андижон-Фарғона- Наманган
Мавзуга оид
08:21
Андижонда 1980-йилларда қурилган магистрал сув тармоғи янгиланади
22:54 / 24.06.2026
Одамлар турмушини яхшилашга қаратилган ўзгаришлар ўн йиллаб чўзилмаслиги керак - Саида Мирзиёева
20:20 / 23.06.2026
Шавкат Мирзиёев Наманган халқаро гуллар фестивалининг меҳмони бўлди
18:20 / 23.06.2026