Мактабдаги энг катта увол - бўлажак иқтидорларни йўқотиш
Сингапурдаги умумтаълим мактабларида таълим олаётган бошланғич синф ўқувчиларнинг бир фоизи ҳар йили «махсус конвертдаги мактуб»ни бирор кун уйига элтиб боради. Конверт ичидаги мактуб уни тутиб турган ўқувчига ҳукумат томонидан ташкил этилган «Иқтидорли ўқувчилар учун Таълим дастури»да ўқишни давом эттириш ҳуқуқини беради.
Бундай «таклиф»ни фақат инглиз тили, математика фанларидан тузилган тестни аъло даражада ечган ва интеллектуал коэффициенти тенгдошларига нисбатан юқори бўлган болалар қабул қилади. Агар ўқувчининг ота-онаси (ёки уларнинг боқувчи шахс) ушбу таклифни қабул қилса, боланинг ўқиши бошқа мактабга кўчирилади, у махсус дастур бўйича таълим олишни бошлайди.
Миллат учун янги иқтидорларни излаб топишда Сингапур тарихий ва анъанавий услубдан фойдаланади: мураккаб имтиҳон орқали бир марта ўтказилган синовдан яхши натижани қўлга киритиш керак.
Жаҳон тажрибасида эса «иқтидор»ларни қидиришда бошқача услублар кенг қўлланилмоқда. Масалан, таълимда кам таъминланган оила фарзандларини рағбатлантириш орқали кучли мотивация ҳосил қилиш ёки аллақачон муваффақиятга эришган инсонларнинг психологик портретини ўрганиб, унинг инъикосини ёшлардан излаш шулар жумласидандир.
Янги тадқиқотлардан аён бўладики, илмий салоҳият келгуси муваффақиятларни башорат қилишда энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бироқ ақлий қобилиятнинг ўзи барча муваффақиятга эришиш учун етарли эмас.
Эдинбург Университети тадқиқотчиси Стюарт Риччининг айтишича, китобни ўқиб, маълумотларни ёд олишдан кўра, сабабларни таҳлиллаш, муаммони ҳал этиш, фаразларни тасаввур қилиш ва шу каби абстракт қобилиятлар интеллектуал коэффициентни белгилашда муҳим роль ўйнайди.
Дунё бўйича иқтидорли ўқувчиларни тарбиялашда пайдо бўлган муаммо шундаки, бошланғич синфларда барча тенгдошларидан ажралиб турган 5 фоиз ўқувчилар гуруҳининг 95 фоизи узоқ келажакда йирик «ғалаба»га эриша олмаяпти. Бунга боланинг таълимдаги молиявий харажатлари ва жисмоний ўсиб-улғайиши учун етарли шароит тайёрланмагани важ қилиб кўрсатилади.
Ўзбекистондаги умумтаълим мактаб тизимида юз бераётган ҳодисалар нафақат тизимнинг ислоҳ қилинмаётгани, балки ота-оналарнинг эътиборсизлиги туфайли салбий натижани кўрсатмоқда. Масалан, бошланғич синфда аъло баҳога ўқиган ўқувчиларнинг жуда кам сонли қисми якунда ўша натижани сақлаб қолган бўлади.
Қарс икки қўлдан чиқади, аммо ота-оналар 5 синфдан сўнг, фарзандининг таълимига кам эътибор қаратади. Ота-она ва ўқувчиларни рағбатлантириш, шунингдек, таълим тизимини ислоҳ қилиш мақсадида мактабда пуллик синфларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Аъло баҳога ўқиб, яхши натижага эришаётган ўқувчилар сараланиб, Сингапур моделига мурожаат қилиш имконияти пайдо бўлади. Ўқишда яхши натижаларга эришмаган ўқувчи таълим учун пул тўлашга мажбур бўлади. Ва ниҳоят, педагог ходимларнинг ҳам меҳнатига яраша маош тўлашга имконият топилади.
Фақат икки масала очиқ қолади: кам таъминланган оила фарзандлари ва яна коррупция... Шунга қарамасдан, Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар билан алоҳида ишлаш учун механизмни тезроқ амалиётга олиб кириш керак. Ақли расо ёшлар мактабни битирмасдан, қобилиятини йўқотиши - биз кўз юмиб келаётган энг катта увол.
Мавзуга оид
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” — ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024