Ўзбекистон | 14:33 / 26.03.2018
4719
2 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев: Тошкент анжуманидан асосий мақсад халқаро музокаралар майдонига пойдевор қўйишдир

Тошкент конференциясининг асосий мақсади Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакат муаммосига халқаро ҳамжамият эътиборини тортиш бўйича яна бир майдонни ташкил этишдир. Тошкент конференцияси доирасида Халқаро симпозиумлар саройида бўлиб ўтган навбатдаги сессияда иштирок этган Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев шу ҳақда маълум қилди.  

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев

“Толибон” ҳаракатининг Тошкент конференциясида иштирок этиши жуда муҳим ҳодиса бўлар эди. Ушбу ҳаракат Афғонистондаги жиддий сиёсий кучлардан биридир. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан Афғонистон муаммосига ҳам тўхталиб, айни масалани ҳал этиш бўйича Ўзбекистон позициясини билдирган эди. Унга кўра, расмий Тошкент Афғонистон муаммосининг дастлабки ечими сифатида ички сиёсий кучларнинг ҳеч қандай дастлабки шартларсиз музокаралар ўтказиши зарурлигини таъкидлайди”, - деди Содиқ Сафоев.

Сенати раисининг биринчи ўринбосари Тошкент конференциясида турли томонларнинг иштирокига доир, бу анжуман муваффақиятли бўлиши ёки бўлмаслигига нақадар таъсир кўрсатиши бўйича фикрларини ҳам билдирди.

“Менимча, Тошкент конференциясининг муваффақиятли ёки муваффақиятсиз бўлиши қайсидир томоннинг иштирокида эмас. Балки, асосийси бу ерда Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш борасида яна бир халқаро майдоннинг ташкил этилишидир. Тошкент конференциясининг эртага, 27 март куни тугаши, жараён тугашини англатмайди, балки у Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича сиёсий жараённинг бошланишидир”, -деган фикрни билдирди Содиқ Сафоев.

У, шунингдек Ўзбекистон томони Тошкент конференциясига “Толибон” ҳаракати вакилларини чақиришга уринишлар бўлганини қайд этар экан, Ўзбекистон Афғонистон расмий ҳукуматини асосий ҳамкор, деб билишини таъкидлади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид