20:38 / 30.03.2018
6020

МХЛ клуби ҳаваскор хоккейчини дарвозага қўйиб, ғалаба қозонди

Фото: Yahoo Sports

Шимолий Американинг Миллий хоккей лигаси (МХЛ) вакили «Чикаго Блэк Хоукс» клуби «Виннипег Жетс»га қарши ўйинда 36 ёшли ҳисобчи, ҳаваскор дарвозабон Скотт Фостер хизматидан фойдаланишга мажбур бўлди.

Ўйиндан олдин жамоанинг икки нафар дарвозабони жароҳат олиб, сафдан чиққан эди. Беллашувнинг учинчи бўлими 6-дақиқасида, ҳисоб «Чикаго» фойдасига 6:2 бўлиб турганида, мезбонлар таркибида қолган сўнгги посбон, 23 ёшли Коллин Делиа ҳам жароҳат олиб, музни тарк этди. Натижада, унинг ўрнини Скотт Фостер эгаллади ва ўйин охирига қадар 7та зарбани қайтариб, бирорта гол ўтказиб юбормади.

Қизиғи шундаки, «Чикаго» ўйиндан олдин Фостер билан бир кунлик шартнома имзолаган эди. Ҳаваскор хоккейчи эса мураббийлар ва мухлислар ишончини оқлаб, «Куннинг биринчи юлдузи» деб топилди.

Фото: Чемпионат.com

 

Top