Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстона алоқалар қайта тикланиб, икки мамлакат фуқаролари 30 кунгача визасиз кириб-чиқиш тартиби жорий этилгач, қардош халқларнинг борди-келдиси кўпайди.
Наврўз айёмида Самарқандда тожикистонлик кўплаб туристларни кўриб хурсанд бўлган эдик. Тожикистонлик фуқаролар пойтахтимиз Тошкентгача ўз шахсий машиналарида келиб, айланиб кетишмоқда.

Икки давлат ўртасидаги келишув амалда қандай ишлаётганини кўриш учун, Kun.uz таҳририяти топшириғига кўра Тожикистондан репортажлар тайёрлаш учун мен ва ҳамроҳим, тасвирчи-оператор Маъруфжон Асқаров Тожикистон Республикасига хизмат сафарига жўнадик.
Самарқандда ишларимизни тугатгач, соат 16:00 ларда Ургут туманидаги «Жартепа» назорат-ўтказиш пунктига келдик.

Ҳужжатларимизни кўриб чиқишди, муҳр босишди, машина ва юкларимизни текширувдан ўтказишди — буларнинг барчасига 20 дақиқача вақт кетди.
Бу бундан ҳам тезроқ бўлиши мумкин эди. Лекин мендан аввалроқ навбатда турган тожикистонлик аёл Самарқанд нонларидан кўпроқ олган экан, божхоначиларимиз «белгиланганидан ортиғини ташлаб кетасиз, қоида шуни тақозо этади», деб туриб олишди. Меҳмон аёл «уйимда маъракам бор, меҳмонлар келади, шунга олувдим», дейди қисиниб.
Менга навбат етгунча уларнинг тортишувини қалбим оғриганча анча кузатиб турдим, кейин мени «ака, сиз кутиб қолдингиз», деб улардан ҳам олдинроқ текшириб ўтказиб юборишди. Воқеа нима билан тугаганини билмай қолдим.
Тожикистондаги «Саразм» чегара постида эса 5 дақиқа ҳам вақт кетмади. Ўта хушмуомалалик билан кутиб олишди, паспорт назорати, машинанинг техник паспортидан нусха кўчиришди, ташриф сабабини сўрашди ва журналист эканлигимни билишгач, «Хуш омадед! Роҳи сафед» деб кузатиб қўйишди. Шахсий автомашинасида ўтадиганлар учун 50 АҚШ доллари атрофида қандайдир тўлов борлиги ҳақида эшитгандим. Уни биздан сўрашмади. Мен ҳам сабабини сўраб ўтирмадим.

Назорат ўтказиш пунктидан чиқишимиз ҳамоно ойнадек текис, четлари ҳафсала билан чизилган асфальт йўлга чиқдик. «Байрам, қолаверса чегара очилиши муносабати билан яхшилаб асфальт қилишипти-да, қўшниларимиз», деб ўйладик. Чунки, «Жартепа»га боргунимизча биз томондаги йўлнинг ҳам ўйдим-чуқур жойлари ямаб чиқилган экан.

























