Жаҳон | 12:55 / 03.04.2018
4227
2 дақиқада ўқилади

Куба ва Саудия Арабистони ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди

Фото: РИА "Новости"

Куба Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раиси Рауль Кастро душанба куни Гаванада Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Куба телевидениеси хабар берган.

"Рауль Кастро ва Одил ал-Жубайр шуни қайд этдики, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юқори даражада турибди. Томонлар ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Бундан ташқари, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинган", - дея таъкидланади репортажда. Музокараларда айнан қайси мавзулар тилга олинганига аниқлик киритилмади.

Аввалроқ Саудия Арабистони ТИВ раҳбари Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригес ва Вазирлар кенгаши раиси ўринбосари, иқтисодиёт ва режалаштириш вазири Рикардо Кабрисас билан учрашганди.

Бу Саудия дипломатияси раҳбарининг Кубага тарихдаги илк ташрифи. 2017 йилнинг майида Кабрисас Жиддада Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд томонидан қабул қилинганди. Томонлар ўша учрашувда иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олган.

Мавзуга оид